Мўйноқ туманида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилди.

Қўриқхона алоҳида экологик қимматга эга бўлган табиий объектлар, мажмуалар, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш, уларни қайта тиклашга хизмат қилади. Унинг умумий майдони 280 507 гектар.

Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февраль куни «Қорақалпоғистон Республикасида «Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил қилиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Буюртма қўриқхонасининг асосий мақсади қирғоқ ландшафтлари, каналлар, коллекторлар ва улардаги сув оқими, сув атрофида яшовчи қушлар, ноёб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида бўлган балиқлар, йиртқич қушлар ва сут эмизувчи ҳайвонларни сақлаб қолиш ва уларни қайта кўпайтиришдан иборат.

Қарор билан Давлат экология қўмитасига 2021 йил якунига қадар Судочье кўлини халқаро аҳамиятга (Рамсар конвенцияси) эга бўлган сувли-ботқоқ жойлар рўйхатига киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси топширилган.

«Судочье кўллар тизими» участкасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда балиқ овлаш, кўлдаги гидрологик ҳолатни яхшилаш мақсадида кўл тубини тозалаш тадбирларига ва квота асосида қамиш ўсимлигидан фойдаланишга рухсат этилади.

Қўриқхона бошқарув ходимларининг умумий сони 20 нафардан иборат.

«Судочье-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган эди. Президентнинг мазкур қарорида 2019-2022 йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 5 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар – «Жанубий Устюрт» давлат қўриқхонаси, «Белтов», «Оқпетки» ва «Оқдарё-Қозоқдарё икки дарё оралиғи» давлат буюртма қўриқхоналари, «Судочье» давлат буюртма қўриқхонаси негизида «Судочье кўллар тизими» давлат буюртма қўриқхонасини ташкил этиш назарда тутилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Жанубий Устюрт» миллий табиат боғини ташкил қилиш тўғрисида”ги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 1 миллион 447 минг 143 гектар бўлган “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ташкил қилинди.

 Е.Қаноатов, ЎзА