Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Бугунги кунда мамлакатимизда қоракўлчилик тармоғи корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ўзбек қоракўли брендини яратиш ва дунё миқёсида тарғиб қилиш, соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, майда шохли наслдор молларни кўпайтириш, шунингдек, уларни сўйиш, тери ва жунини қайта ишлаш, гўшт-сут маҳсулотлари, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш, тармоққа ривожланган хорижий давлатлар тажрибасини ва инновацион технологияларни жорий этиш, сув билан таъминланмаган яйловларда янги сув иншоотларини қуриш
ва мавжудларини модернизация қилиш борасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда.

Шунингдек, мавжуд яйловлар ҳосилдорлигини ошириш, уруғчилик майдонларини кенгайтириш, наслчилик ишларини янада такомиллаштириш, соҳада экспортбоп қоракўл ва қоракўлча тери етиштириш аҳволи бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, қоракўлчилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш
ва яйловлардан фойдаланишда солиқ имтиёзларини қўллаш, уруғчилик ишини йўлга қуйиш, наслчилик ишларини такомиллаштиришда субсидия бериш тартибини қўллаш ҳамда соҳанинг илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2021 йил 1 мартга қадар қоракўлчилик кластерлари томонидан қўй ва эчкиларни бўрдоқига боқиш комплексларини ташкил этиш мақсадида уларга қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш шарти билан озуқалар етиштириш учун 1-иловага мувофиқ ер майдонлари ажратилишини таъминласин.

2. Молия вазирлиги қоракўлчилик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 2021 йил 15 февралга қадар Молия вазирлигининг вақтинча бўш турган маблағлари (Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари, бюджетни қўллаб-қувватлаш учун жалб қилинадиган халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг кредитлари, суверен халқаро облигацияларни чиқариш ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар) ҳисобидан 100 миллиард сўм маблағларни “Туронбанк” АТБга Марказий банк асосий ставкасида ажратсин.

“Турон банк” АТБ мазкур бандга асосан ажратиладиган маблағларни Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси (кейинги ўринларда – Уюшма) аъзоларига 3 йил муддатгача, шу жумладан, бир йиллик имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасига 2 фоизлик банк маржасини қўшиш орқали ҳисобланадиган ставка бўйича кредит сифатида қуйидаги мақсадларга тақдим этилишини таъминласин:

наслчилик қоракўлчилик хўжаликларидан қўйлар харид қилиш;

қоракўлчилик соҳасида экспортбоп қоракўл ва қоракўлча терини қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш;

қоракўлчилик субъектлари томонидан озуқа цехлари (гранулятор)ни ташкил этилишини ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари, ресурс тежовчи ускуналар ва замонавий технологиялар харид қилинишини молиялаштириш;

сув чиқариш иншоотларини барпо этиш ҳамда мавжудларини таъмирлаш ва модернизация қилиш.

Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган кредитлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида пиллачилик ва қоракўлчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6059-сон фармони 1-бандининг еттинчи хатбошисида белгиланган тартиб асосида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан компенсация ажратилади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

2024 йил 1 январга қадар Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасининг (кейинги ўринларда – Қўмита) доимий эгалигидаги яйловлар ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси томонидан Қўмитага ижарага берилган яйловлар учун белгиланган ер солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилади;

наслдор қўй ва эчкининг, шу жумладан, қоракўл зотли қўйларнинг хорижий давлатлардан импорт қилинган ҳар бир эмбрионига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан 400 минг сўм миқдорида субсидия тақдим этилади;

2021 йил 1 апрелдан бошлаб Уюшма аъзоларига ўзлари томонидан импорт қилинган қўй бош сонининг 50 фоизидан ошмаган қисмини тирик ва хом гўшт кўринишида (ТИФ ТН бўйича 0104 ва 0204 кодлари) экспорт қилишга рухсат этилади, бунда экспорт контрактлари мониторинги Қўмита
ва Уюшма томонидан юритилади.

4. Қўмита Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 20 мартга қадар Уюшмага аъзо бўлган хўжаликлар томонидан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали қўй, унинг гўшти ва ички органлари, ошланган ёки қайта ишланган қоракўл терисининг олиб чиқилишини мониторинг қилиш ва тегишли давлат органлари билан маълумот алмашиш тартибини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

5. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси “Ўзстандарт” агентлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда экспортга йўналтирилган тирик қўй ва улардан олинган гўшт маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқаришда халқаро стандартлар ва талаблар асосида тегишли ҳужжатларни сифатли тайёрлаш, импорт қилувчи мамлакатлар талабларини экспорт қилувчи корхоналарга етказишни таъминласин ҳамда экспорт қилишда уларга ҳар томонлама кўмаклашсин.

6. Қўмита, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Уюшманинг:

илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш, илмий ва инновацион фаолиятни самарали ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти тузилмасида Марказлашган илмий-наслчилик тажриба лабораторияси (кейинги ўринларда – наслчилик лабораторияси)ни ташкил этиш;

наслчилик лабораториясини Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтининг бўш турган Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 47-уй манзилидаги биносига ижара тўловининг “ноль” ставкаси асосида жойлаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Наслчилик лабораториясининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

соҳада маҳаллий ва хорижий фан ютуқларини татбиқ этиш асосида табиий серпуштликка, юқори ҳаётчанлик ва мослашиш хусусиятига эга бўлган қўш маҳсулдор янги қўй зотларини яратишнинг лаборатор тажрибаларини олиб бориш;

наслдор қоракўл қўйларининг сифат кўрсаткичлари (қўй вазни, саноатбоп жун, қоракўл териси сатҳи ва гул типи)ни яхшилаш бўйича тажрибалар ўтказиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

илмий-наслчилик тажриба станцияларида юқори наслдор элита синфига мансуб наслли қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этиш
ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли йўлга қўйиш.

7. Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Қўмитанинг буюртмаларига асосан яйловларда ер ости сув манбаларини аниқлаш
ва хулоса бериш бепул амалга оширилишини таъминласин.

8. Тошкент шаҳар хокимлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, Фурқат кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган бинонинг иккинчи ва учинчи қаватига Уюшмани бепул жойлаштириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига
2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

10. Қўмита икки ой муддатда:

хорижий давлатлардан импорт қилинган наслдор қўй ва эчкининг, шунингдек, қоракўл зотли қўйларнинг ҳар бир эмбрионига Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан субсидия тақдим этиш тартибини;

бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиришлар тўғрисидаги таклифни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

11. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ҳамда шахсий жавобгар этиб Қўмита раиси Б.Қ. Шарипов белгилансин.

Қарорнинг ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М. Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ҳар ярим йил якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.

 

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти               Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 9 февраль