Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева мамлакатимизга ташриф буюрган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Бош котиби Бағдат Амреев билан учрашди.

Суҳбат чоғида Туркий кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасида турли соҳадаги амалий шериклик, жумладан, Туркий тилли давлатлар Парламентлари ассамблеяси доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Учрашувда республикамизнинг Туркий Кенгаш мамлакатлари билан муносабати изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.

 

 

 

 

 

 

Б.Амреев Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳити ва инвестициявий муҳитни яхшилаш, Марказий Осиё мамлакатлари билан, шунингдек, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши маконида дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни юқори баҳолади.

Учрашув иштирокчилари Туркий кенгаш олдида турган вазифаларни бажаришда аёллар ва ёшлар ролини кучайтириш муҳимлигига ҳам эътибор қаратдилар.

 

ЎзА