Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигига янги соҳа сифатида кириб келган кластер фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса, айни усулида пахта етиштиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Бунинг натижасида кластерлар нафақат пахтани хом ашё сифатида эмас, балки маҳсулотни қайта ишлаш, тайёр, ярим тайёр маҳсулот сифатида бозорга олиб чиқиш имконини бермоқда. Қолаверса, улар қисқа фурсат ичида фермер хўжаликларининг ишончли ҳамкорларига айланди.

Наманган туманидаги Тошбулоқ шаҳарчасида жойлашган “Тошбулоқ текс” масъулияти чекланган жамияти қошида 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган пахта-тўқимачилик кластери бугунги кунда 133та фермер хўжалигига хизмат кўрсатиб, улар билан фючерс шартномаси асосида иш юритмоқда. Тумандаги 5 минг 550 гектар ер майдонида етиштириладиган пахтани қайта ишлаб, ип ҳолатида сотилади. Маҳсулотлар ички бозорга етказиб беришдан ташқари хориж давлатлари, асосан Россия, Туркия ва Хитой Халқ Республикасига экспорт қилинмоқда. 2022 йилга бориб, кластерда чигит экишдан тортиб, тайёр маҳсулотгача бўлган беш циклли жараён тўлақонли равишда амалга оширилади.

Кластер ташкил қилингунига қадар корхонада 200 киши фаолият юритган бўлса, бугунги кунда 450 нафар доимий ва 300 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. 2021 йилда кластер таркибида тўқимачилик корхонаси ишга туширилиши билан қўшимча 700та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган.

 

 

Жамият қошида кластердан ташқари яна бир истиқболли лойиҳа – тўқув фабрикаси 6 гектар майдонда қад ростламоқда. Умумий қиймати 50 миллиард сўмни ташкил этувчи корхонада қурилиш-монтаж жараёнлари қизғин. Мазкур лойиҳанинг дастлабки босқичи 2021 йилнинг декабрь ойида ишга туширилиши мўлжалланиб, йил охирига қадар 200та иш ўрни яратилади. Корхона раҳбари Тўлқинжон Баратовнинг айтишича, айни пайтда иш ҳажми 50 фоизга уддаланган бўлиб, тўқув дастгоҳлари Хитойдан келтирилмоқда.

Фабрика тўла қувват билан фаолият юритиши энг аввало, қишлоқ одамларининг ишсиз қатлами бандлигини таъминлаш ва маҳаллий ички бозорни рақобатбардош миллий маҳсулотлар билан тўлдириш, маҳаллий саноат орқали дунё бозорига чиқиш учун катта имконият беради.

– Юртбошимиз ташаббуси билан кластер тизимига асос солингани айни муддао бўлди, – дейди “Замин оқ олтини” фермер хўжалиги раҳбари Абдуғаффор Турсунов. – Минерал ўғитлар ўз вақтида берилиши ортиқча сарсонгарчиликсиз олиниши сабабли ҳосилдорлик ортиғи билан адо этилмоқда. Экин майдонларимиздан кам талофат ҳосил олдик. Етиштирилган маҳсулот пуллари ўз вақтида берилиб, 2021 йилга қарздорликсиз ўтилди. Пахта етиштириш кластер услубига ўтказилгач, сўнгги икки йил мобайнида топширилган “оқ олтин”нинг сифатига қараб қўшимча маблағ тўлаш ҳам йўлга қўйилди. Шунингдек, йил давомида ҳосилнинг ҳолатига қараб, уч марта минерал ўғитлар ажратилди. Очиғи, олдинлари ёқилғи, ўғит, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, экин экишда турли қийинчиликлар бўларди. Бундай муаммолар кластер билан барҳам топди.

Ўтган мавсумда фермер хўжаликлари томонидан “Тошбулоқ текс” масъулияти чекланган жамияти кластерининг пахта қабул қилиш масканига 21 минг тоннадан зиёд хом ашё топширилиб, Наманган туманида шартномавий режа 106 фоизга бажарилди. Зарур агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб борилгани натижасида 133та фермер хўжалигидан тўрттаси 50-55 центнердан, 13таси 45-50 центнердан, 50таси эса 40 центнердан ошириб ҳосил олишга эришди. Бу, ўз навбатида, туман фермерлари билан якдил олиб борилган ҳамкорлик ишларининг самарасидир.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА