Маълумки, мамлакатимиз бўйлаб жорий йил 10 январдан бошлаб декабрь ойи охирига қадар “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида спорт фестивали ўтказилиши белгиланди.
Фестиваль спортнинг мини-футбол, баскетбол, волейбол, бадминтон, стол тенниси ва шахмат-шашка турлари бўйича 3 босқичда, яъни маҳалла-туман-ҳудуд миқёсида бўлиб ўтади. Унда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган барча юртдошларимиз иштирок этиши мумкин.
Мазкур фестиваль доирасида Нукус шаҳридаги 50-умумтаълим мактабида стол тенниси бўйича мусобақа ўтказилди. Унда “Телеорай” маҳалла фуқаролар йиғинидан 100 нафарга яқин ҳаваскор спортчи қатнашди.
Эркаклар ўртасида Шодлик Эсенбоев мусобақа ғолиби бўлди. Аёллар ўртасидаги баҳсларда Пердехон Полвонова биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА