Нукусда бокс бўйича илк маротаба қизлар ўртасида Қорақалпоғистон Республикаси чемпионати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон бокс федерацияси Қорақалпоғистон бўлими томонидан  Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги  билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада 2003-2004, 2005-2006, 2007-2008 йилларда туғилган ва 18 ёшдан катта қизлар иштирок этди. Қизғин ва муросасиз курашларга бой тарзда кечган мусобақада ғолиблар аниқланди.

Ўз вазн тоифалари бўйича маҳорати ва ўз кучини намойиш қила олган қизлар шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилди.

Нукус шаҳридан Гулойим Бекмуратова «Мусобақанинг энг яхши спортчиси» номинациясида ғолиб деб топилди.

̶ Мусобақада Мўйноқ туманидан 8 нафар боксчи иштирок этган бўлса, улардан 6 нафари совриндор бўлди,   ̶ дейди Болалар-ўсмирлар спорт мактаби мураббийи Наўризбике Туралиева.  ̶ Спортчиларимиздан 40 килограмм вазн тоифасида Саида Алписбаева, 70 килограммдан юқори вазн тоифасида Гулбану Досназарова биринчи, 52 килограмм вазн тоифасида Нуржамол Омарова, 49 килограмм вазн тоифасида Наргиза Сағинбоева, 58 килограмм вазн тоифасида Фарида Бабаниязова иккинчи, 49 килограмм вазн тоифасида Гулпари Куанишбоева учинчи ўринларни эгаллади.

 

 

 

 

 

 

̶ Оролбўйида ўсмирлар билан бир қаторда қизлар ўртасида ҳам бокс оммалашиб бормоқда,  ̶ дейди Ўзбекистон бокс федерацияси Қорақалпоғистон бўлими ижрочи директори Икрам Шамуратов.  ̶ Боксчи қизларимиз Ўзбекистон чемпионатлари ва халқаро турнирларида мамлакатимиз терма жамоаси таркибида муносиб иштирок этиб келмоқда.

Илк маротаба Қорақалпоғистон Республикаси чемпионатининг ўтказилгани Нукус шаҳри ва туманларда қизлар ўртасида бокснинг ривожланиб бораётганини кўрсатди. Энди боксчи қизлар жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатига тайёргарлик кўради.

Мусобақа ғолиб ва совриндорларига ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Довуд Абибуллаев,  

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА