Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Департаментнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ва “Granit Montaj Stroy” МЧЖ мансабдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси матбуот хизматининг хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг “Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси” ДУК Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси ҳамда “Granit Montaj Stroy” МЧЖ Нукус шаҳри марказида қурилаётган Nukus city қурилишида 246,1 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган.

Ушбу иккита корхона ўртасида Нукус шаҳри, А.Шамуратова кўчаси автомобиль йўлининг асфальт қопламасини қайта тиклаш ва Нукус шаҳрида жойлашган “Nukus city” марказидаги кўп қаватли уйларнинг сув ва канализация тармоқларини таъмирлаш ишларини амалга ошириш бўйича 2020 йил 18 сентябрь куни  қиймати 3 миллиард 567 миллион 700 минг сўмлик  пудрат шартномаси тузилган.

Мазкур шартномага асосан “Granit Montaj Stroy” МЧЖ томонидан қиймати 236,5 миллион сўмлик асфалть қопламаси ва қиймати 9,6 миллион сўмлик сув тармоқларини таъмирлаш ишлари тўлиқ бажарилмаган бўлишига қарамасдан, бажарилганлиги ҳақида расмий ҳужжат ҳисобланган ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар ва ёзувлар киритилиб, жами 246,1 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари Нукус шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Е.Қаноатов, ЎзА