Ҳар қандай соҳа ижодий қобилият, илмий ёндашув, тинимсиз изланиш, билимларни қиёсан ўрганиш, мавжуд муаммоларга ечим топиш, илғор тажрибалар таҳлили ҳамда янги технологияларни жорий қилиш орқали ривож топади.

Жумладан, ҳарбий соҳа ҳам. Бу жараёнда иқтидорли ёшлар миллатнинг, давлатнинг қудратини намоён қилади.

2019 йилда Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти, 2020 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ташкил этилди. Ҳар икки олий ҳарбий таълим муассасаси ҳам мамлакат мудофаасини таъминлаш, қўшинларнинг ҳар жиҳатдан тайёргарлигини юксалтиришда муҳим ўрин тутиб, замонавий талабларга жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик ва инновацион технологиялар, замонавий ўқув дастурлари ва ўқув-услубий ёндашувларни кенг жорий этиш, мавжуд муаммоларнинг ечимига қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйиш борасида фаолият олиб боради.

Мазкур олий ҳарбий таълим муассасаларида ҳарбий илмий-тадқиқот ишларини янада ривожлантириш мақсадида яқинда яна бир муҳим ҳужжат имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 январдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди.

Тасдиқланган низомга кўра, жамғармалар маблағлари олий таълим муассасалари томонидан кўрсатиладиган пуллик хизматлар ҳисобидан тушадиган маблағлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалардан шакллантирилади.

Жамғармаларнинг 75 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги маблағлари қуйидагиларга сарф қилинади:

олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлинмалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тадбирларига, шу жумладан,  миллий армияни ривожлантириш, Ўзбекистон Қуролли Кучларининг жанговар шайлиги, таъминоти, мудофаа салоҳиятини ривожлантириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ишларига;

илғор илмий-тадқиқотлар ва қидирув ишларини ўтказиш учун принципиал жиҳатдан янги, замонавий юқори технологик жиҳозлар билан таъминланган илмий лабораторияларни ташкил қилиш бўйича тадбирларга;

таркибий бўлинмаларни замонавий асбоб-ускуналар билан қўшимча жиҳозлаш ҳамда зарур бўлган сарфлаш материаллари ва бутловчи буюмлар билан узлуксиз таъминлаш бўйича тадбирларга;

етакчи электрон илмий маълумотлар базаларидан эркин фойдаланишни таъминлаш ҳамда илмий натижаларни нашрларда, шу жумладан, халқаро нашриётларда босишга тайёрлаш бўйича харажатларни тўлашга;

техника, ҳарбий-техник мулк, илмий ва махсус адабиёт, модернизация қилиш ва таъмирлаш ҳамда илмий, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолият режалари доирасида ўтказиладиган тадбирларни, халқаро ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик тадбирларини молиялаштиришга;

илмий кенгаш томонидан тасдиқланган инновацион, амалий, функционал илмий лойиҳаларни молиялаштиришга;

олий таълим муассасаларининг илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлинмаларга юкланган вазифаларни бажаришга йўналтирилган тадбирларга.

25 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги маблағлар алоҳида ўрнак кўрсатган илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар ҳарбий хизматчиларини моддий рағбатлантириш бўйича тадбирларни молиялаштиришга, уларга илмий ютуқлари учун пул мукофотлари тўлаш ва тақдирлаш учун қимматбаҳо ҳамда эсдалик совғалар харид қилиш учун фойдаланилади. Юридик ва жисмоний шахслар томонидан кўрсатилган ҳомийлик хайриялари тўлиқ суммаси, агар ҳомий билан аниқ мақсадлар учун йўналтирилиши келишилмаган бўлса, илмий-тадқиқот фаолиятини амалга оширувчи таркибий бўлинмаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун сарфланади.

Фурқат ЭРГАШЕВ,  

Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти ходими