Барчамизга маълум, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди. Мазкур Давлат дастури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йилнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида акс этган асосий ғоя ва таклифлар ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган асосий вазифалар асосида ишлаб чиқилган.

Дастурда Юртбошимиз илгари сураётган ташаббуслар, амалга ошираётган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим ва тарбия жараёнини тубдан ислоҳ қилиш бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида эътироф этилар экан, педагог кадрлар зиммасига илм-у маърифатли келажак авлодни тарбиялашдек улкан масъулиятни юклайди. Жумладан, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиши лозимлигига алоҳида урғу берган ҳолда, олий таълим тизимида қуйидаги масалаларга эътибор қаратилди. Яъни, олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси
Президенти гранти жорий этилади. Шунингдек, олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони 25 фоизга ҳамда эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизлар учун давлат грантлари сони 2 бараварга оширилади. Яънада, хусусий олий таълим муассасаларида мутахассисларни тайёрлашга давлат гранти бериш тизими жорий этилади. Эътиборли бир жиҳат шуки, мазкур янгилик нафақат ёшларимизнинг таълим билан қамрови даражасини ошириш, балки гендер тенглигини таъминлаган ҳолда, интилувчан, зеҳни ўткир қизларимизга таълим олиш имконияти яратилади. Албатда, аёл кишининг билимли бўлиши фарзандларнинг таълим-тарбияси, жисмоний ва маънавий камоллигига катта таъсир ўтказади. Бу эса мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани юқори малакали мутахассислар билан таъминлашга хизмат қилади.

Қолаберса, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали нуфузли хорижий олийгоҳларнинг магистратура ва докторантурасида ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилади. Бу эса, нуфузли хорижий олий таълим, илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш, улардан олинган билимларни мамлакатимиз равнақи учун қўллашга алоҳида эътибор қаратилади. Очиғи, мамлакатимизда ёшлар учун амалга оширилаётган таълим тизимидаги янгиланишлар барчани беҳад қувонтиради.

Шунингдек, Давлвт дастурида 2021 йилда 22 та мактабгача таълим ташкилоти бинолари, 31 та янги мактаб ва 16 та олий таълим муассасалари объектларини қуриш ишларини амалга ошириш белгиланди. Бундан келиб чиқиб шуни айтишимиз мумкинки, бу ўқувчиларимизнинг замон талабларига мос равишда жиҳозланган замонавий таълим муассасаларида таълим олишлари ҳам ёшларга бўлаётган эътиборнинг бир бўлагидир.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бугунги Ўзбекистон ёшлари халқимизнинг бой маънавий-маърифий меросини, зукколиги, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби эзгу анъаналарини ўзида мужассам этган ҳолда, жамиятимизда муносиб ўрин эгалламоқда. Шу боис юртимиз ёшларига яратилган шароитлар, кенг кўламли имкониятларга, улар эришаётган муваффақиятларга кўпчилик, хусусан, дунё ёшлари ҳавас билан қарамоқда.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги