Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтмоқда.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Давлат раҳбари 2020 йил сентябрь ойидан буён Фарғона вилояти ҳокими вазифасини бажариб келаётган Хайрулло Бозоров номзодини Фарғона вилояти ҳокими лавозимига тавсия этди.

Х.Бозоров меҳнат фаолиятини 1995 йилда солиқ инспектори сифатида бошлаган. 2007-2015 йилларда Наманган вилояти ҳокимининг ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари, Учқўрғон, Чуст ва Мингбулоқ туманлари ҳокими бўлиб ишлаган. 2015-2020 йилларда Наманган вилояти ҳокими бўлган.

Ўтган йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи фахрий унвони билан тақдирланган.

Халқ депутатлари, нуронийлар, ёшлар сўзга чиқиб, номзодни қўллаб-қувватлади. Овозга қўйиш натижаларига кўра, Хайрулло Бозоров Фарғона вилоятининг ҳокими этиб тасдиқланди.

Айни пайтда Президент вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, маҳаллабай тизимда аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш вазифалари бўйича маъруза қилмоқда.

ЎзА