Бу бўйича қандай амалий чоралар кўрилмоқда?

Нукусда бўлиб ўтган Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ва партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциясининг қўшма мажлисида айни масала юзасидан фикрлашилди.

Фракция аъзолари, Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбир Ўзбекистон Республикасининг 2001 йил 30 августдаги “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги, 2009 йил 13 октябрдаги “Археология мероси объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлари ижросига бағишланди.

Партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг жорий йилги иш режасига кўра, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар, юзага келган муаммолар бўйича масъул ташкилот вакилларининг ҳисоботи эшитилди.

Соҳа вакиллари томонидан амалга оширилган ишлар ва галдаги вазифалар тўғрисида маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Қ.Шарипов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи Б.Қусекеев ва бошқалар археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишнинг бугунги ҳолати, туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, учраётган муаммолар ва уларни бартараф этиш хусусида гапирди.

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида жойлашган 288та маданий мерос объекти қайта тасдиқланиб киритилди. Шундан, 131 таси археологик, 24 таси архитектура, 88 таси монументал санъат ёдгорлиги ва 45 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади.

2020 йил декабрь ҳолатига кўра, 287 та объектнинг давлат кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, рўйхатдан ўтказилди ва ягона тизимга тегишли ахборотлар жойлаштирилди. Моддий маданий мерос объектларига сайёҳлар ва аҳолининг киришини электрон ҳисобга олиш учун турникет ва объектларга муҳофаза белгиси ўрнатилмоқда. Овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари билан биргаликда ушбу объектларга жамоатчи инспекторлар бириктирилмоқда. Айни вақтгача Нукус шаҳри ва туманлардаги шу каби обеъктларга 40 нафар жамоатчи инспектор бириктирилди.

Сайёҳлар кўп борадиган моддий маданий мерос объектлари жойлашган Нукус шаҳри, Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа, Амударё, Қораўзак, Хўжайли, Қўнғирот, Мўйноқ, Кегайли туманлари ҳудудидаги автомагистраль йўл бўйларига йўл кўрсаткич белгилари ўрнатилди.

Қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирлар режаси бўйича амалий ишлар қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси кўҳна ва бой маданий меросини халқаро миқёсида эътироф этилишига эришиш мақсадида ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритиш мақсадида “Саҳродаги қасрлар” объектларининг рўйхати шакллантирилди ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига таклиф киритилди. Ушбу объектларни ўрганиб чиқиш бўйича масъул тиашкилотлар билан ҳамкорликда тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан ҳар йили маданий мерос объектларини реставрация қилиш, таъмирлаш режаси тузилади. Қорақалпоғистон Республикасида ҳам 2021-2022 йилларда «Режеб Халифа» масжид-мадрасаси меъморий объекти, «Ийшан қалъа» меъморий мажмуаси, «Чилпиқ қўрғони» археологик объектида консервация-реставрация ва «Ақшахон қалъа»да археологик илмий-тадқиқот ишлари олиб борилиши режаланган. Мазкур ишлар вазирликнинг жорий йилги режасига ҳам киритилди. Шу мақсадда Маданий мерос департаментининг Илмий-эксперт кенгаши экспертизасидан ўтказиш учун тегишли ҳужжатлар, маълумотлар тақдим этилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан депутатлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА