Ўзбекистон Маданият ва санъат институти Нукус филиалига Қорақалпоғистоннинг 1та шаҳар ва 16та туманидан ҳар биридан 5 нафар талаба ўқишга қабул қилинди.

Уларнинг шартнома-тўлов пуллари ҳокимликлар томонидан тўлаб берилди.

Ўзбекистон Маданият ва санъат институти Нукус филиали матбуот хизматининг хабар қилишича, мазкур тадбир Президент Ш.Мирзиёев томонидан 2020 йил 25 декабрь куни ўтказилган Ёшлар Форумида берилган топшириқлар ижросидир. Унда давлат раҳбари ҳар бир туман ва шаҳардан 5 нафаргача ёшларни маданият ва санъат олий таълим муассасаларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитилиши белгиланган эди. Шу топшириқ асосида Қорақалпоғистондан 85 нафар ёш, Хоразм вилоятидан 65 нафар ёш Ўзбекистон Маданият ва санъат институти Нукус филиалига қабул қилинди.

Мазкур институтда ўқишлар 5 йил. Ҳокимликлар 5 йил давомида ушбу ёшларнинг контракт пулларини тўлаб боради. Талабалар ўқишни тугатгандан кейин ушбу тўланган пулларни давлатга хизмат қилиб бериш эвазига қайтаради.

Яна бир муҳим томони, ўқишга топшириб кира олмаган ҳамда умуман ўқишга топширмаган, лекин маданият соҳасида ишлаётган ёшлар ҳам ушбу имтиёзни қўлга киритди.

Е.Қаноатов, ЎзА