Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ва жорий йилги режалар билан яқиндан танишиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун Чимбой туманида медиа-тур ташкил этилди.

Иштирокчилар дастлаб туман Давлат хизматлари маркази фаолияти билан билан яқиндан танишди.

Марказнинг янги биноси 2019 йилда фойдаланишга топширилган. Ўтган давр мобайнида аҳолига 51768 та давлат хизмати кўрсатилган. Шунингдек, 829 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар учун матбуот анжумани ўтказилди. Унда Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи К.Артиқов 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ва жорий йилги режалар бўйича ахборот берди.

 

 

Таъкидланганидек, бошқарма, 17 та шаҳар ва туман Давлат хизматлари маркази, уларнинг 6 филиали томонидан 140 тан ортиқ хизмат тури кўрсатиш бўйича ўтган йил давомида фуқаролардан жами 820 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган.

Уларнинг асосий қисмини электрон рақамли имзо сертификатини олиш, болаларни мактабгача таълим ташкилотига жойлаштириш, кадастр паспортини шакллантириш, фуқаролар номида шахсий турар жойи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома, кўчмас мулк, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ва қайта рўйхатдан ўтказиш каби хизматлар ташкил этди.

Давлат хизматлари марказлари томонидан жами 13139 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, шундан 5051 нафари юридик шахс ва 8088 нафари якка тартибдаги тадбиркорлик субъекти сифатида қайд этилди. Шунингдек, хорижий инвесторлар иштирокида 13 та корхона давлат рўйхатидан ўтган бўлиб, уларнинг 9 таси қўшма, 4 таси хорижий корхона ҳисобланади.

Нафақат шаҳар ва туман марказлари, балки чекка ҳудудлар аҳолисига ҳам қулайлик яратиш мақсадида сайёр хизматлар кўрсатиш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, ўтган йил мобайнида 60 мингга яқин сайёр хизмат кўрсатилди.

 

 

Аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, инсонларни ўйлантирадиган муаммоларни жойида ҳал этиш, давлатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон», «Жаслиқ» шаҳарча фуқаролар йиғинларида, Мўйноқ туманидаги «Қозоқдарё», Элликқалъа туманидаги «Сарабий», Беруний туманидаги «Абай», Тўрткул туманидаги «Ямбошқалъа» овул фуқаролар йиғинларида мана шундай филиаллар ташкил этилди. Натижада бугунги кунда филиаллар томонидан кўрсатилган хизматлар сони жами 10 мингдан ошди.

Бошқарма томонидан шаҳар ва туман давлат хизматлари марказларида 73 маротаба “Сирли мижоз” ва “рейд” тадбири ўтказилди. Ишда хатоликка йўл қўйгани учун 7 нафар ходим огоҳлантирилди, 2 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 23 нафар ходимга интизомий жазо чораси қўлланилди. Шунингдек, марказ ходимлари билан 300 дан ортиқ профилактик суҳбат ўтказилди. Шуни алоҳида айтиб ўтиш керак, бундай тадбирларнинг ўтказилиши тизимда коррупциянинг ва салбий ҳолатларнинг олдини олишга сезиларли даражада таъсир кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг фармонига асосан ФҲДЁ идоралари 2020 йил 1 апрелдан бошлаб Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди. Шаҳар ва туман ФҲДЁ архивларида жами 3 миллион 550 мингдан ортиқ далолатнома ёзуви бўлиб, ҳозирги кунда «ФҲДЁ ягона электрон архиви» базасига тўлиқ киргизилиб, электрон шаклга ўтказилди.

Ўтган йиллар мобайнида Мўйноқ, Чимбой, Амударё, Қонликўл, Қўнғирот, Беруний, Тахтакўпир ва Бўзатов туманларида давлат хизматлари марказининг янги бинолари фойдаланишга топширилди. Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Тўрткўл, Қораўзак, Тахиатош ва Шуманай туманлари давлат хизматлари марказлари янги биносининг қурилиш ишлари якунланиш арафасида. Шунингдек, Нукус шаҳар, Хўжайли, Нукус, Кегайли ва Элликқалъа туманлари давлат хизматлари марказларининг янги бинолари шу йил охирига қадар қурилиб топширилади.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА