Буюк Британияда аниқланган коронавирус янги штаммининг дунё бўйлаб тарқалиши кундан-кун кучаймоқда. Бу мутацияга учраган янги штамм юртимизда ҳам аниқланди. Мазкур штамм ҳақидаги саволларга Соғлиқни вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, тиббиёт фанлари доктори Севара Убайдуллаева жавоб берди:

– Буюк Британияда аниқланган коронавируснинг янги штамми кузатилган давлатларнинг шифокор ва олимлари хулосаларига кўра, янги штамм олдинги коронавирусга нисбатан 71 фоизга юқувчан ва тарқалувчанлиги жуда юқори. Бу инфекция кўпроқ болалар ва ўсмирларда тарқалмоқда.

“Британча” штаммга хос бўлган хусусият – унинг тез бошланиши. Бу штаммни юқтирган одам бир соатдан сўнг умумий ҳолсизликни ҳис қила бошлайди. Тана ҳарорати кўтарилиши +39°С гача ёки ундан юқори бўлади. Қуруқ йўтал, кўп ҳолатларда томоқ қирилиши билан келади. Йўтал оғриқсиз бўлса-да, беморда бош оғриғи ва таъм билишнинг йўқолиши кузатилади.

Буюк Британия шифокорлари фикрича, янги штаммни юқтирганда оёқларнинг пастки қисмларида тошмалар, пўрсилдоқлар пайдо бўлиши кузатилиши, чарчоқнинг кучайиши, мушаклар ва суяклар ичида оғриқ бўлиши аниқланган. Баъзи беморларда эшитиш қобилияти ҳам пасайган.

“Британча” штамм бирламчи коронавирус каби инсон организмидаги заиф аъзоларга бирикиб, касаллик чақиради. Баъзи беморларда ошқозон-ичак тизими касалликлари, яъни диарея ёки қабзият, қориндаги оғриқлар ҳам қўшилади. Бундай ҳолатларда дори воситалари қийин таъсир этади, бу эса даволашда қийинчиликлар туғдириши мумкин.

Болаларда учраган коронавирус “британча” штаммининг симптомлари бош оғриғи, тана ҳароратининг кўтарилиши, қоринда оғриқ, кучли ҳолсизлик, иштаҳанинг йўқолиши, тилдаги шиш ёки қизариш (“қулупнайсимон” тил), яноқлар ва кафтларнинг қизаришидир. Баъзи болаларда мультитизимли яллиғланиш синдроми, токсик шок, миокардит каби ҳолатлар ҳам кузатилиши мумкин.

 

ЎзА