Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Ҳаниф Атмар ва АИР Президенти Администрацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Коргар бошчилигидаги Афғонистон делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди.

Кун тартибига сиёсий, инвестициявий, савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика ҳамда икки мамлакат ўртасидаги молиявий-техник ҳамкорликнинг долзарб масалалари киритилди.

Томонлар Афғонистоннинг Марказий Осиё маконидаги иқтисодий алоқаларга жалб қилинганлик даражасини ошириш бўйича ҳамкорликни фаоллаштиришга тайёр эканлигини билдирди.

 

 

Учрашувда, шунингдек, энергетика, савдо ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида биргаликда лойиҳаларни амалга ошириш борасида устувор вазифалар муҳокама қилинди. Шу нуқтаи назардан, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси доирасида ишларни имкон қадар тезроқ бошлаб юбориш бўйича навбатдаги қўшма тадбирлар келишиб олинди.

Суҳбат давомида қатор икки томонлама ҳужжатлар, хусусан, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштириш бўйича истиқболли чора-тадбирлар муҳокама этилди. Томонларни ўзаро қизиқтирган масалаларнинг ҳамкорликда ечимини топиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишилди. Бундан ташқари, томонлар Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида транзит ташувлари тўғрисидаги битим устида ишлашни бошлаш ва ўзаро савдо тартибларини соддалаштириш учун қўшимча механизмлар яратиш шарт-шароитини муҳокама қилдилар.

Муҳокама кун тартиби доирасида “Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор” темир йўл қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича юқори даражадаги Уч томонлама ишчи гуруҳининг биринчи йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

 

 

Учрашув якуни бўйича томонлар савдо-иқтисодий, транспорт ва логистика, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни тезроқ имзолаш мақсадида уни биргаликда ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олдилар. Шу билан бирга, режалаштирилган ташаббус ва келишувларни амалга ошириш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатлар ҳам белгилаб олинди.