Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Х.Умарова, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор А.Данияров Нукус шаҳридаги Президент мактабига ташриф буюриб, бу ердаги шарт-шароитлар билан танишди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 2018 йилнинг 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида юртимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан янги типдаги Президент мактабларини ташкил этиш, буни Қорақалпоғистондан – Нукус шаҳридан бошлашни таклиф этган эди. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 20 февралдаги “Президент мактабларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Нукус шаҳрида ҳам Президент мактаби очилди.

Мактаб STEAM ((Science (фан), Technology (технология), Engineering (муҳандислик), Art (санъат) ва Mathematics (математика)) фанларини ўқитишга ихтисослашган. Ёшларга математика, физика, кимё, биология ва ахборот технологиялари ҳамда хорижий тиллар илғор таълим методологиялари асосида чуқур ўргатилади. Ушбу фанларни ўқитишда жаҳондаги илғор ўқитиш технологияларидан бири бўлган “Team teaching” услуби қўлланилмоқда. Бунда STEAM фанларини хорижлик ва маҳаллий ўқитувчилар биргаликда олиб борадилар.

Президент мактаби ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида, турли танловларда фаол иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. Алоҳида таъкидлаш жоизки, мактаб ўқувчиларидан Зийнет Жиенбаева, Мирас Дошанов АҚШ нинг Аризона университетига, Шамсуддин Камалов Иллинойс технология институтига, Бийбимарям Жолдасбаева Буюк Британиянинг Стирлинг университетига ўқишга қабул қилинди.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларини мароқли ўтказишлари учун 18 та фан, 4 та спорт ҳамда 4 та ижтимоий-маданий тўгарак фаолият олиб бормоқда.

Меҳмонлар мактабдаги тўгарак фаолияти билан танишдилар. Айниқса, робототехника тўгараги аъзоларининг ишланмалари уларда яхши таассурот қолдирди.

Бундан сўнг мактабда мушоира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Х.Умарова, Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, сенатор А.Данияров сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларга яратилган шарт-шароитлар, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Кечада Президент мактаби ҳамда И.Юсупов номидаги ижод мактаби ўқувчилари ўзбек ва қорақалпоқ шоирларининг шеърларидан парчалар ўқиди. Бўзатовлик ёш шоира Г.Оразбоева ўзининг янги шеърларидан ўқиб берди. Жиров, бахши ва созандалар ижросидаги куй-қўшиқлар, мактаб қувноқлар ва зукколар жамоаси аъзоларининг чиқишлари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу мақола тайёрланаётган пайтда Президент мактабидан яна бир хушхабар келди. Мактаб ўқувчиси Н.Жумабоев ҳам АҚШнинг Аризона университетига ўқишга қабул қилинди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА