Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл тумани марказида кросс мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокими Р.Шамуратов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Р.Мамутов сўзга чиқиб, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.

 

 

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳар бир оила, маҳалла, шаҳар ва туманда, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларида ҳамда бошқа ташкилотларда жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга шарт-шароитлар яратиш соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди.

Тўрткўл туман ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси туман Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган соғлом турмуш тарафдорлари иштирок этди.

 

 

Мусобақа якунида хотин-қизлар ўртасида Шаҳло Илясова биринчи, Динора Қабулжанова иккинчи, Роза Исломбоева учинчи, эркаклар ўртасида Ўткир Машарипов биринчи, Шокир Аллаяров иккинчи, Шуҳрат Казаков учинчи ўринларни эгалладилар.

Ғолиблар ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА