Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Ўлмасжон Мамадаминов маълум қилди.

– Сардоба тошқинидан жабр кўрган 4 минг 790 нафар аҳолига 186,6 миллиард сўм моддий ёрдам маблағи пластик карталарга тушириб берилди, – деди Ў.Мамадаминов. – Шундан, 4 минг 541 фуқарога 181,6 миллиард сўм (40 миллион сўмдан) ва 249 фуқарога 5 миллиард сўм (20 миллион сўмдан)дан берилди.

Қайд этилишича, тошқин оқибатида уй-жойларига жиддий зарар етган фуқаролар учун 52,5 гектар ер майдони танланиб, 2 минг 640 та хонадондан иборат 86 та кўп қаватли турар жой қурилди. Мазкур кўп қаватли уйларнинг нархи шартнома бўйича 855,4 миллиард сўмни ташкил этади. Хонадонлар республика, вилоят ва туман ишчи гуруҳлари ҳамда жамоатчилик вакиллари томонидан адолатли ўрганилиб, қуръа ташлаш йўли билан эгаларига топширилди.

ЎзА