Бундан икки йил олдин Мўйноқда казино қурилиши билан боғлиқ хабар аҳоли орасида анча резонанс уйғотганди. Ваҳоланки, казино, деганда барчамизнинг тасаввуримизда АҚШнинг Лас-Вегас шаҳри пайдо бўлади.

Хўш, Мўйноқ ҳам шундай шаҳарга айланиши, яъни ўйин бизнеси ривожланган, туну кун ҳаёт қайнаб ётадиган шаҳарлар қаторига қўшила оладими? Бундай қарасангиз ўтмишларидаги уйқаш тасодифлар улар келажагини ҳам бир траекторияга бураётгандай. Мана қаранг, Лас-Вегас ҳам Мўйноқ ҳам 1931 йилда ташкил топган экан. Иккаласи ҳам чўл ҳудудда жойлашган. Саҳро ўртасидаги ҳудудни ривожлантириш осон бўлмагач Лас-Вегасда 1931 йилда ўйин бизнесига рухсат бериб юборилади. Ундан кейинги динамика ва бу шаҳарнинг бугунги куни ҳақида гапирмасам ҳам бўлади…

Мўйноқ ҳам бир вақтлар саноат, айниқса,балиқчилик саноати бўйича мамлакатнинг энг тараққий этган ҳудудлардан бири бўлган. Шунинг ортидан Орол балиқчилиги бутун дунёга танилган. Бироқ денгизнинг ортга чекиниши ўзи билан бирга бу ердаги завқ-шавқни, тароват ва файзни, одамлар турмушидаги хотиржамлигу баракани ҳам тузли қумликлар баҳрига ютиб кетди…

Бир пайтлар қум барҳанларига туташ соҳиллар аро янграгувчи балиқчи кемаларнинг узун-қисқа «гудок»лари, балиқчиларнинг шодон ҳайқириқлари бари бир зумда зулматга синггандай ғойиб бўлди. Мўйноқ нафақат минтақада, балки дунёдаги энг экологик хавфли ҳудуд дея тан олинди… Аслида Мўйноқ ва умуман, бу ҳудудда ҳаёт издан чиққанига анча бўлган. Бироқ собиқ иттифоқ давридаям, ундан кейин ҳам Оролбўйида яшаётган одамлар ҳаёти билан биров қизиққан эмас. Аммо бу панжа ортидан қараладиган ёки ўз-ўзидан ҳал бўлиб қоладиган масала эмас эди. Зотан, бу ерда минглаб одамларнинг тақдири ётарди…

Президент Шавкат Мирзиёев иш бошлаган илк кунларданоқ Орол муаммоси оқибатларини юмшатиш, Мўйноқ туманининг иқтисодий-ижтимоий аҳволини яхшилашга қаратилган амалий ҳаракатларни бошлаб юборди. Уч йил ичида туманни комплекс ривожлантиришга қаратилган иккита ҳужжат қабул қилинди. Мўйноқда казино қуриш тўғрисидаги бизнес лойиҳалар ҳам айнан ушбу ҳужжатларда ўз аксини топган эди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январдаги «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 2-иловасида “Global project capital”(GPC) қўшма корхонаси томонидан 1 млрд. доллар эвазига Туризм комплекслари (меҳмонхона ва кўнгилочар дам олиш марказлари, савдо марказлари ва бошқалар) ташкил этиш истиқболли инвестиция лойиҳаси сифатида киритилган. Эътибор берсангиз, бу ерда гап айнан казино ҳақида кетаётганини англайсиз.

Қиёслаб кўринг – Мўйноқ туманини ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш учун давлат хазинасидан 1,5 трлн. сўм ажратилган. «Кўнгилочар дам олиш марказлари» ва унинг атрофида бошқа объектларни қуриш учун эса инвесторлар 1 млрд. доллар маблағ тикмоқчи. Штаб-квартираси Лондонда жойлашган “Global project capital” корхонаси бизнес бўйича маслаҳат берувчи ва лойиҳаларни молиялаштирувчи гуруҳдир. Мазкур корхона кенг қамровли хизматлар ва лойиҳаларни молиялаштириш ечимларини тақдим этади.

Дунё миқёсида “GPC” гуруҳи лойиҳаларни бошқариш ва молиялаштиришнинг маълум соҳаларида ихтисослашган. Саноат, тижорат, таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, туризм шулар жумласидан. Келинг, биз ҳозир бошқа жиҳатларни четга суриб, ижтимоий, маданий ва маънавий ҳаётимизда янгилик бўлувчи, биз доим тайсаллаб, «Ғарбнинг чиркин қадриятлари»дан бири сифатида қараб келинган ўйингоҳ – казино ва унинг замонавий дунёда тутган ўрни ҳамда бизнинг ўзига хос юмшоқ ландшафтли шарқона жамиятга «жойлашуви» ҳақидаги «кўп бурчакли» мулоҳазаларни назардан ўтказсак…

ҚИМОР ҚОНУНЧИЛИКДА ТАҚИҚЛАНГАН

Казино – қимор ўйини. Бу эса Ўзбекистонда қонунан тақиқланган. Яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 278-моддасига кўра, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан, ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаш – етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб, —

етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Вояга етмаган шахсни қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларга жалб қилиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Қолаверса, қимор ўйини динимизда тақиқланган. Аммо, истисно тариқасида айтиш керакки, бу ўйинга динимиз яралган ҳудуд – Арабистон ярим оролларидаги кўркам Дубай шаҳрида туризмни ривожлантириш ҳисобига қонунан рухсат берилган…

У ЎЗИ КEРАКМИ?

Мақоламиз бошида Лас-Вегаснинг шиддат билан ривожланиб кетишига қимор ўйинларига қонунан рухсат берилгани сабаб бўлганлигини айтиб ўтган эдик. Дарҳақиқат, бу каби мисоллар жуда кўп. Масалан, Монако давлатининг «иккинчи туғилиши» ҳам айнан казинога боғлиқ.

Европадаги илк ўйин уйи – Казино-дю-Монте-Карло дунёга «казино» деган тушунчани тарқатган муассаса саналади. Мамлакат ушбу ўйин олдида қарздор деса ҳам бўлади. Чунки казино ХІХ асрнинг охирида иқтисодий инқирозга учраган мамлакатни банкротликдан қутқариб қолган. Мамлакат қонунларига кўра, казинода фақат хорижликлар ўйнаши мумкин. Монако фуқаролари ушбу қимор ўйинларида иштирок этиши тақиқланган.

Мўйноқ тумани ҳудудидан 20 баробар кичик бўлган бу давлатга йилига айнан казино ҳисобига 3 млн.дан ортиқ сайёҳ ташриф буюради. Монаконинг аҳолиси сони 40 мингга яқин. Мўйноқда эса 33 минг киши истиқомат қилади.

Агар казинога рухсат берилса, у шаҳар ташқарисида алоҳида марказ сифатида қурилади. Бу каби ўйин майдонлари Россия ва Қозоғистонда ҳам мавжуд…

ҚАРОРДАГИ БАНД НИМАНИ АНГЛАТАДИ?

Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг 8-бандида Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зона ташкил этиш бўйича топшириқ берилган.

Унда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Бош прокуратура ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда 2020 йил 1 декабрга қадар ушбу бандда назарда тутилган туристик-кўнгилочар зонани ташкил этиш юзасидан «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиб, амалга оширилишини таъминлаш белгиланган.

Шу ўринда савол туғилади: туристик-кўнгилочар зона деганда казино назарда тутилмаяптими? Ҳа! Айнан казино назарда тутилмоқда. Буни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умрзоқов томонидан тасдиқланган «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зонасини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар режаси («Йўл харита») мазмунидан билса ҳам бўлади.

«Йўл харита»да Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга туристик-кўнгилочар зонасини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи ҳамда кичик ишчи гуруҳлари тасдиқланган. Унга кўра, Ишчи гуруҳ таркибига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умрзоқов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси биринчи ўринбосари А.Аккулов, Бош прокурор ўринбосари А.Мавлонов ва бошқалар киритилган.

Мазкур ҳужжатда тасдиқланган Таваккалчиликка асосланган ўйинни легаллаштириш ва тегишли ҳуқуқий-норматив ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича кичик ишчи гуруҳга хорижий давлатларнинг таваккалчиликка асосланган ўйинлар, казино ва шу турдаги бошқа ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ қонун ҳужжатларни ҳамда амалий тажрибани ўрганиш, шунингдек, таваккалчиликка асосланган ўйинлар ва шу турдаги бошқа ўйинларни ташкил этиш билан боғлиқ миллий қонунчиликни инвентаризация қилиш ва натижаси юзасидан таклифларни ишчи гуруҳ котибига умумлаштириш учун киритиш топширилган.

«Йўл харита» бандларида казино бизнесини электрон ва реал кўринишда ташкил этиш ва шу каби таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этиш, пул ўрнига махсус жетонлар, фишкалар ва бошқа тўлов услубларини қўллаш бўйича қоидаларини ва уларни тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.

«Таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам эътибордан холи қолдирилмаган ва ниҳоят «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида алоҳида мақомга эга бўлган туристик-кўнгилочар зона ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш белгиланган.

Демак, Ўзбекистонда илк бор казино ва шу каби таваккалчиликка асосланган ўйин зоналари Мўйноқда ташкил қилиниши тобора аёнлашиб бормоқда.

Есимхон ҚАНОАТОВ,
Манба: «Ишонч» газетаси 28 январь