Ҳозир юртимизда аҳолининг уй-жой харид қилиш билан боғлиқ эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган ипотека кредитлари уч йўналишда берилмоқда.

Яъни янги тартиб асосида бирламчи уй-жой бозоридан квартира харид қилиш учун, бирламчи ва иккиламчи уй-жой харид қилиш (таъмирлаш) ҳамда “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси иштирокида намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган арзон уй-жойлар учун ажратилмоқда.

“Қишлоқ қурилиш банк” филиалларида янги тартиб доирасида қурилган, янги тартиб доирасидан ташқари фойдаланишга топширилган санадан кўпи билан икки йилдан ошмаган, пудрат ташкилоти ҳисобида бўлган кўп квартирали уйлардаги хонадонларни таклиф этувчи бозордан харид қилинадиган уйлар учун кредит шартномалари тузилмоқда.

Мазкур ипотека кредитлари бозор ставкалари асосида 20 йил муддатгача, бошланғич бадал қишлоқ жойларда сотиб олинадиган хонадон қийматининг 10 фоизидан, шаҳарларда эса 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорида таклиф этилмоқда.

Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлашда “Қишлоқ қурилиш банк” иштироки” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Бунда эса Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2020 йил 1 майдаги “Аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда ипотека кредити бозорини янада кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал бўлмоқда.

– Ҳозир хоналарга бўлинмаган ҳолда қурилган кўпқаватли уйларни харид қилиш масаласи ҳам муҳим, – дейди Дастурлар доирасида ипотекали кредитлаш департаменти бошлиғи ўринбосари Дилшод Ҳасанов. – Бу борада Тошкент шаҳрида умумий майдони 60 метр квадратгача бўлган хонадонлар учун – 264,0 миллион сўмгача, 60 метр квадратдан ортиқ хонадонлар учун – 352,0 миллион сўмгача ипотека кредити ажратилади. Ушбу кўрсаткич, бошқа ҳудудларда мос равишда 240,0 миллион ҳамда 320,0 миллион сўмгача миқдорни ташкил этади.

Матбуот анжуманида янги тартиб доирасида субсидия тўловларини амалга ошириш механизмлари ва шартлари бўйича ҳам батафсил маълумот берилди.

Янги тартиб доирасида бирламчи уй-жой бозорида квартира харид қилиш мақсадида банкка мақсадли маблағлар ажратилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан 1,0 триллион сўм миқдорида шартнома имзоланган. Ўтган вақт давомида 1 052 нафар фуқарога ипотека кредитлари ажратилди. Шундан 286 та фуқарога давлат бюджетидан субсидия тўловлари берилган.

Банк ажратаётган ипотека кредитларининг яна бир йўналиши, бирламчи ва иккиламчи уй-жой харид қилиш (таъмирлаш)га мўлжалланган бўлиб, “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмоқда.

Ушбу кредит тури Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида, уй-жой сотиб олиш учун 20 йилгача, мавжуд уй-жойни таъмирлаш учун 10 йилгача муддатга имтиёзли давр белгиланмаган ҳолда тақдим этилади. Бунда кредит сўммаси уй-жой қийматининг 75 фоизидан ва 323,0 миллион. сўмдан, мавжуд уй-жойни таъмирлаш учун ажратиладиган ипотека кредити 80,0 миллион. сўмдан ошиб кетиши мумкин эмас.

Учинчи йўналиш – “Қишлоқ қурилиш инвест” иштирокида уй-жойлар қурилиши учун ажратилаётган имтиёзли ипотека кредитларидир. Бундай кредитлар 1 йиллик имтиёзли давр билан 20 йилгача муддатга берилади. Кредит фоиз ставкаси дастлабки 5 йил давомида қатъий белгиланган 7 фоиздан Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасида берилади.

Ушбу кредитларни олиш учун мижоз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 февралдаги 103-сонли қарорига асосан тегишли тавсияномага эга бўлиши ҳамда “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ билан уй-жой олиш юзасидан тегишли шартнома расмийлаштириши талаб этилади.

Қайд этиш керакки, “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК иштирокида 2020 йил қурилган уй-жойлар учун фуқароларга 787,828 миллиард сўмлик имтиёзли ипотека кредитлари ажратилган.

 

ЎзА