Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Тошкент шаҳар бош архитектори Нуриддин Сагатов маълум қилди.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида кўп квартирали уй-жойлар қуриш ҳолатлари ортиб бормоқда. Ушбу ҳолат муҳандислик коммуникация тизимига салбий таъсир ўтказиб, қурилган кўп квартирали айрим уйларнинг қуввати етмай, айримларида эса турли хил авария ҳолатлари келиб чиқмоқда.

2020 йил ўтказилган хатловда 100 дан ортиқ якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида уч ва ундан ортиқ қаватли (кўп квартирали) уй-жойлар қурилгани аниқланган. Оқибатда, шу уйлар атрофидаги аҳолининг норозилиги, коммунал соҳадаги муаммолар ортиб бормоқда.

Янги таҳрирдаги Шаҳарсозлик кодексида якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ажратилган ер участкаларида икки ва ундан ортиқ бўлган кўп квартирали уйларни қуриш тақиқланди.

ЎзА