ЮНИСEФ Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ва Парламент аъзолари билан биргаликда Ўзбекистон Президентининг бутун мамлакат бўйлаб болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш йўлидаги сиёсий иродаси, етакчилигини, Ҳукуматнинг бу борадаги саъй-ҳаракатини олқишлайди.

Шавакт Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида болалар омбудсмани тўғрисидаги қонунни қабул қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Шунга асосан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Олий Мажлис ва ЮНИСEФ ҳамкорлигида парламент аъзолари, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари вакиллари, таниқли халқаро экспертлар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро институтлар тажрибасини ўрганиш ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий асос яратиш масаласини муҳокама қилишдан иборат.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 апрелдаги «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ролини янада кучайтириш ва ваколатларини кенгайтиришга қаратилган 2020 йил 29 майдаги «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари мамлакатимизда айни соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишларни муайян тартибга солиб, зарур йўналишларни белгилаб берди.

– Ўзбекистон бола ҳуқуқини илгари суришда муҳим қадамлар ташламоқда, – дейди ЮНИСEФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – Қабул қилинажак Қонун Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, республикадаги, айниқса, ҳимояга энг муҳтож болалар ҳуқуқи янада мустаҳкамланишига кўмак беради.

Умуман, мазкур халқаро тузилма қонунни ишлаб чиқиш жараёнини изчил қўллаб-қувватлаш, қонун лойиҳасини халқаро илғор тажриба ва стандартларга мувофиқлигини таъминлаш учун мунтазам равишда техник ёрдам кўрсатишга тайёрлиги таъкидланди.

Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисмини 18 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу боис, анжуманда болалар масаласига дахлдор соҳаларга сармоя киритиш устувор стратегик вазифалардан бири экани, бу мамлакатни янги иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш даражасига кўтаришга ёрдам бериши қайд этилди.

Давра суҳбати иштирокчилари фикрича, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти боланинг шахсига ҳурматни кучайтиришга ҳамда ҳар бир боланинг шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ва қонуний ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

– Ўзбекистоннинг келажаги бўлмиш болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, улар салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун биз жавобгармиз, – деди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова. Тайёрланаётган қонуннинг қабул қилиниши эса мана шу муҳим ва долзарб вазифани амалга оширишга ҳисса қўшади.