Куни кеча Қирғизистон Республикасининг Баткен ва Ўш области футбол ассоциациялари вакиллари Фарғона вилоятига ташриф буюришди, дея хабар бермоқда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.
Ташрифдан асосий мақсад, Қирғизистоннинг ҳар иккала ҳудудий ассоциациялари билан Фарғона вилоят футбол ассоциацияси ўртасида футболни ривожлантириш, футбол орқали икки халқ ўртасидаги дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлаш, футбол мутахассислари ва жамоалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни янада юқори чўққиларга кўтаришдан иборат.
Қирғизистон Республикаси спорт делегацияси таркибидан Қирғизистон футбол ассоциацияси бўлим бошлиғи, Баткен ва Ўш вилоятлари футбол ассоциацияси раҳбарлари, мураббийлар ва ҳакамлар ўрин олган бўлиб, улар дастлаб Фарғона шаҳридаги “Футбол маркази”да бўлишди.
Ташриф давомида қирғизистонлик меҳмонлар “Футбол марказида” яратилган шароитлар ва вилоят футбол ассоциацияси иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Шунингдек, ташриф якунида Қирғизистон Республикасининг Ўш ва Баткен ҳамда Фарғона вилоят футбол ассоциациялари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича қўшма Меморандуми имзоланди.
Ташриф давомида қирғизистонлик меҳмонлар билан биргаликда футзал бўйича ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди.