Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия таркибига 25 йил мобайнида биринчи маротаба жамоатчилик вакиллари киритилди.

Ушбу коммиссия таркиби Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма қарори билан тасдиқланди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) матбуот хизмати маълум қилди.

Комиссия инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган орган, ташкилотлар ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, харакатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоятларни кўриб чиқиш, давлат ва жамият манфаатларининг бузилишига сабаб бўлган ҳолатлар юзасидан текширишлар олиб бориш ва мониторинг юритиш, идоравий хужжатлар, статистик ва хулосалар ҳамда бошқа маълумотларни сўраш, талаб қилиб олиш, судларга давлат божини тўламаган ҳолда фуқаролар манфаатларига доир ариза ва даъволар билан мурожаат қилиш тўғрисида таклифларни киритиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома киритиш ва бошқа ҳуқуқларга эга.

Шикоятларни кўриб чиқиш натижалари бўйича Комиссия қарори орган, ташкилот ва уларнинг мансабдор шахслари томонидан кўриб чиқилиши учун мажбурий ҳисобланади. Ижрочи органлар ўн кун муддатда Вакилга қарорни кўриб чиққанлиги хақида хабар бериши шарт.

Комиссия аъзолари Вакил топшириғи билан маълумот ва эксперт хулосаларини йиғгани ва таҳлил қилгани учун таъқиб қилиниши ёки бошқача тарзда ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас.