Юртимизда яратилаётган имкониятларга қарамай, айрим тадбиркорлар томонидан божхона назоратидан яширган ҳолда ноқонуний равишда товарларни олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.

Навоий вилояти божхона бошқармаси “Тинчлик” ТИФ божхона пости ходимлари томонидан Германия давлатидан олиб келинган товарлар божхона кўригидан ўтказилганда ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилганидан 6 номдаги товарлар кам келганлиги аниқланган. Шунингдек, ташувчи ва юк қабул қилувчи айни бир шахс бўлганлиги божхона ходимларида шубҳа уйғотган.

Бошқарма тезкор ходимлари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир давомида юқоридаги товарларни ТИФ божхона постига келгунига қадар ташувчи томонидан автотранспорт юкхонаси ноқонуний тарзда очилиб, товарларни уйига тушириб келганлиги аниқланди.Ўтказилган тезкор тадбир давомида божхона назоратидан яширилган умумий қиймати қарийб 300 миллион сўмлик автотранспорт эҳтиёт қисмлари вақтинча сақловга олинди.

Шунингдек, Навоий халқаро аэропортига хорижий авиарейс билан юборилган курьерлик жўнатмалари божхона ходимлари томонидан холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилганда 2 та ҳолатда божхона назоратидан яширилган ва ҳужжатларда кўрсатилмаган умумий қиймати 28,1 миллион сўм бўлган эркаклар ва аёллар учун мўлжалланган пойабзал ҳамда устки кийим-бош маҳсулотлари борлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Абдували БЎРИЕВ, ЎзА