Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда инвестицион муҳитни шакллантириш, маҳаллий ва хорижлик инвесторлар имкониятини янада кенгайтиришда муҳим омил бўлмоқда.

Бугунги кунда мазкур ҳужжат ижроси доирасида “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг инвестиция дастури бўйича умумий қиймати 469 миллион долларлик 31 инвестиция лойиҳаси амалиётга татбиқ этилмоқда.

2021 йилда 327,6 миллион доллар ўзлаштирилиши ва ундан 215 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ҳисобига молиялаштирилишини алоҳида таъкидлаш зарур. Мазкур йирик лойиҳалар Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган.

Ҳозирги кунда «Қизилқумцемент» АЖда йирик лойиҳалардан бири ҳаётга татбиқ этилмоқда. Корхонада қиймати 126 миллион доллар бўлган клинкер ишлаб чиқарувчи янги 4-линия ишга туширилади. Натижада корхонанинг йиллик цемент ишлаб чиқариш қуввати 2,2 миллион тоннага ортиб, 5,5 миллион тоннага етказилади. Айни чоғда бу ерда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилиб, зарур асбоб-ускуналар буюртма асосида хорижда тайёрланмоқда. Шунингдек, Навоий вилоятида «PETRAWOOL» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонада базальт тошидан иссиқлик сақловчи плиталар ишлаб чиқариш, Томди туманидаги «Мега кварц» МЧЖда кварц қумини қазиб олиш ва қайта ишлаш каби лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган.

“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасидан маълум қилишича, Қорақалпоғистон Республикасида «Қорақалпоқцемент» МЧЖ ҚКда қиймати 50 миллион долларлик йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, йилига қўшимча 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Натижада корхонанинг цемент ишлаб чиқариш қуввати 1,4 миллион тоннага етказилиб, 100 дан ортиқ янги иш ўрни яратилиши мақсад қилинган.

– Бундан ташқари, Фарғона вилоятида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича 5 лойиҳага 50 миллион доллар инвестиция жалб қилинади, – деди “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси матбуот хизмати раҳбари Жамшид Шерметов. – Натижада «Кнауф Гипс Фергана» хорижий корхонасида гипсокартон листлари, «Азамат савдо Зиё» ва «Ulugbek export trade» жамиятида мих ва бурама михлар, «Flat Tile» жамиятида керамогранит ва металлогранит, «Agro Impex Valley» жамиятида металл конструкциялар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Айни пайтда Тошкент вилоятида ҳам кўплаб инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудудда жорий йилда қуввати 30 минг тонна бўлган кварц қумидан минерал плиталар ишлаб чиқариш имкониятига эга янги корхона, шу билан бирга, линолеум, автоклав газобетон блоклари, оловбардош ғиштлар, бурама михлар, асфальт ва темир-бетон буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар фойдаланишга топширилади.

Соҳа ривожига қаратилган инвестиция лойиҳалари нафақат ҳудудларда, балки пойтахтимизда ҳам амалга оширилмоқда. Масалан, “Ориент керамикс” жамияти томонидан Сергели туманида йилига 9 миллион квадрат метр керамик плиткалар ишлаб чиқариш имкониятига эга янги корхона барпо этилаётир. Шунингдек, «АЛМУС» жамиятида 6 миллион доллар инвестиция ҳисобига ёғоч қиринди плиталарни ламинация қилиш, «GRAND ROAD TASHKENT» жамияти томонидан эса табиий пардозбоп тошларни қайта ишлаш орқали йилига 80 минг квадрат метр плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаларининг жадал суръатларда олиб борилаётгани фикримиз исботидир.

Шуни алоҳида қайд этиш керакки, давлатимиз раҳбарининг қарори ижросини таъминлашга қаратилган ишлар, хусусан, инвестицион лойиҳалар ва уларда хорижлик, қолаверса, маҳаллий инвесторларни жалб қилиш қурилиш материллари саноатини жаҳон талаблари даражасига олиб чиқишга катта имкон яратади. Ўз навбатида, бундай лойиҳалар амалиёти қурилиш материалларига бўлган ички талабни қондириш баробарида бандлик масаласи ижросида ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА