«Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиё «йўлбарс»ларидан бирига айланиб, иқтисодиётини Жануби-Шарқий Осиё «йўлбарс»лари, кейин эса Хитойнинг ривожланиб кетган йўналишида тараққий эттириш истиқболига эга.

Ушбу ўсиш модели саноатни ривожлантиришга асосланган», дейди Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ва Миллий тадқиқот университети «Олий иқтисодиёт мактаби» (НИУ ВШE) профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Андрей Казанцев.

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида якунланаётган йил нималар билан ёдда қоларли бўлди, улардан қандай сабоқ олиш мумкин? Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида кузатилган муҳим ўзгаришлар, тенденциялар ҳамда ички ва ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари бўйича 2021 йил борасидаги прогнозлар ҳақида сиёсатшунос экспертлар фикри қандай? Айни шу савол билан UzAnalytics сайти сиёсатшунос олимларга мурожаат қилган. Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) ва Миллий тадқиқот университети «Олий иқтисодиёт мактаби» (НИУ ВШE) профессори, сиёсатшунослик фанлари доктори Андрей Казанцев бу ҳақида қуйидагича мулоҳаза юритган.

– Якунланаётган йилда Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётида рўй берган ва аввал бошланиб, шу йил давом этган сиёсий жараёнларга келсак, мен уларни сиёсий воқеалар сифатида тавсифлаб, бир нечта муҳим жиҳати ҳақида тўхталган бўлардим.

Ўтган йилнинг асосий глобал воқеаси, шубҳасиз, коронавирус инқирози бўлди. Бундан жаҳон мамлакатлари қаторида Ўзбекистон ҳам зиён кўрди.

Марказий Осиёнинг бир қатор давлатларида, аввало, қўшни Туркманистон ва Тожикистонда муайян муаммолар мавжуд эди. Тожикистон инқирозга кечикиш билан чоралар кўрган бўлса, Туркманистонда бу вазиятга нисбатан сукут сақлаш стратегияси қўлланди.

Тахминларга кўра, ҳукуматдагиларнинг гоҳ у, гоҳ бу йўналишдаги тушунарсиз қарорлари инқирознинг кескинлашувига олиб келмоқда. Ўз навбатида, буларнинг бари аҳоли орасида ваҳима ҳиссини янада кучайтиради. Тожикистон ҳукумати ҳам дастлаб мамлакатда коронавирус йўқ, дея иддао қилган эди, аммо кейинроқ улар коронавирус эпидемияси мавжудлигини тан олишди ва вирусга қарши курашни бошлашди.

ҲАММАСИ ЎЗ ВАҚТИДА БАЖАРИЛДИ…

Ўзбекистонда ҳаммаси ўз вақтида бажарилди: Тожикистон ёки Туркманистондагидан фарқли ўлароқ, барча зарур чоралар кўрилди.

Яна бир жиҳат борки, коронавирус инқирози Ўзбекистонга қараганда анча ривожланган, жон бошига ЯИМ анча юқори бўлган мамлакатлар учун ҳам катта синов бўлди. Мисол учун, собиқ Иттифоқ ҳудудини оладиган бўлсак, Россия ва Қозоғистон аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича энг юқори ўринларни эгаллайди. Аниқроғи, биринчи ўринда Россия, иккинчи ўринда Қозоғистон туради. Шу маънода аҳоли жон бошига ЯИМ даражаси анча паст ва табиийки, аҳоли жон бошига тиббиёт соҳаси учун пул сарфлаш имкониятлари кам бўлган Ўзбекистонда вазият, албатта, мураккаблашди. Аммо шунга қарамай, ҳукумат барча зарур тадбирларни амалга оширди. Бу – биринчи воқеа.

Бошқа томондан олиб қараганда, коронавирус эпидемияси ички эмас, балки глобал миқёсдаги халқаро ҳодисадир. У глобал миқёсдаги инқирозни, хусусан, глобал иқтисодий инқирозни келтириб чиқарди.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистондаги вазият ўзига хос бўлиб чиқди, чунки бу ерда коронавирус инқирози аввалги йиллари бошланган яна бир жараён билан «кесишди». Ушбу жараён – Президент Шавкат Мирзиёев бошлаган иқтисодий ислоҳотларнинг изчил давом этишидир. Менимча, Ўзбекистонда юз бераётган ўзгаришлар ташқаридан яхшироқ кўринади ва республика аҳолиси ушбу ислоҳотлар натижаларига етарлича баҳо бера олмаслиги мумкин. Аммо, макростатистикага эътибор қаратсак, бу ислоҳотлар сезиларли иқтисодий ўсишга олиб келаётгани яққол кўзга ташланади. Энг муҳими, Ислом Каримов қурмоқчи бўлган импорт ўрнини босувчи иқтисодиёт экспортга йўналтирилган иқтисодиётга қараб ўзгармоқда.

Ростини айтганда, Каримов даврида Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига, мамлакатга хорижий инвестициялар ва валюта кириб келишига, шунингдек, одамларда пул кўпайишига ёрдам бермади. Бошқача қилиб айтганда, бу қандайдир фақат ўсиш учун ўсиш эди, у аҳоли сони кўпайиши билан боғлиқ демографик ўзгар

ишлар билан бирга юз берди ва ўз навбатида, аҳоли сони кўпайиши иқтисодий ўсишга туртки бериб турди.

Аммо, айни дамда иқтисодий ўсишнинг расман эълон қилинган юқори суръатлари билан ҳам даромадларни тобора кўпайиб бораётган аҳоли ўртасида тақсимлашга тўғри келди.

Президент Шавкат Мирзиёев татбиқ этаётган иқтисодий ўсиш модели ривожланиш характерининг ўзгаришига омил бўлмоқда. Ўзбекистонда пул, хорижий инвестициялар оқими туфайли валюта пайдо бўлди. Умуман олганда, ушбу модель бошқа постсовет давлатлари, масалан, қўшни Қозоғистонда аллақачон синаб кўрилган. Қозоғистон ушбу моделни ўнлаб йиллар давомида татбиқ этиб келмоқда ва у анчагина муваффақиятли дейиш мумкин.

Айни пайтда Ўзбекистон бошқа собиқ иттифоқ мамлакатларига қараганда жуда катта устунликка эга: бу мамлакатда Қозоғистон, Россия, Озарбайжон ва Туркманистондан фарқли ўлароқ, хом ашё эмас, балки улкан инсон ресурслари мавжуд. Бошқача айтганда, Ўзбекистон меҳнатсевар ва кўп миллионли ишчи кучига эга.

Ўзбекистондаги ислоҳотлар аниқ бир одам мисолида ҳали кўзга яққол кўринмаса-да, яхшигина макроиқтисодий натижаларни намоён этмоқда. Демак, Ўзбекистон Жануби-Шарқий Осиё «йўлбарс»ларидан бирига айланиб, иқтисодиётини Жануби-Шарқий Осиё «йўлбарс»лари, кейин эса Хитойнинг ривожланиб кетган йўналишида тараққий эттириш истиқболига эга. Ушбу ўсиш модели саноатни ривожлантиришга асосланган.

Ислом Каримов ушбу моделни рўёбга чиқара олмади. Чунки, у саноатни импорт ўрнини босиш билан бирга ривожлантириш тарафдори бўлди. Ваҳоланки, бу имконсиздир. Мазкур мавзуда жуда кўп қизиқарли асарлар ҳам мавжуд.

Масалан, Россияда ушбу мавзудаги энг машҳур асар Гайдарнинг «Иқтисодий ўсишнинг парадокслари» китобидир. Унда жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Лотин Америкасида ушбу моделнинг инқирозга юз тутиши сабаблари тасвирлаб берилган.

Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан экспортга йўналтирилаётган модель реалликка анча яқин ва Жануби-Шарқий Осиёнинг кўплаб мамлакатларида бўлгани каби ижобий натижаларга олиб келиши мумкин. Бу, менинг фикримча, иккинчи муҳим воқеа.

Учинчи воқеа – давом этаётган афғон инқирози ва қўшни Афғонистонда мавҳумлик кучайишидир. Бу бутун Марказий Осиё минтақасига салбий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Чунки Афғонистонда нима бўлиши, америкаликлар у ердан қўшинларини олиб чиқадими-йўқми, ҳали номаълум.

Трамп маъмурияти Толибон билан музокаралар олиб бориш ва қўшинларни олиб чиқиб кетиш борасида аниқ тўхтамга келган эди. АҚШнинг янги маъмурияти қайси йўлни танлаши ва Афғонистонда энди нима бўлиши ҳамон ноаниқлигича қолмоқда. Бу минтақа мамлакатлари учун янги таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин ва бу унчалик яхши эмас. Чунки Каримов даврида рўй берган Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қисқартириш ташқаридан келаётган хавфсизликка таҳдидларнинг ортиши билан боғлиқ бўлиб, Шавкат Мирзиёев буни жуда яхши тушунарди. Унинг биринчи қилган иши ҳам қўшнилар ва барча йирик давлатлар билан муносабатларни яхшилаш бўлди. Шу боис, Ўзбекистон Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқилган тақдирда ҳам албатта, қандайдир шаклда Афғонистон билан минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда, – бу мен муҳим деб атамоқчи бўлган учинчи воқеа.

Яна бир, Россия учун ҳам муҳим саналган тўртинчи воқеани эсга олиш мумкин. Бу Россия билан ўзаро савдо-сотиқ ва сиёсий алоқаларнинг ривожи бўлиб, хусусан, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчига айланганлигида ҳам намоён бўлади. Бунга қадар ҳам савдо айланмаси бир неча йилдан бери ўсиб бораётганди.

ЯНА БИР МУҲИМ ҲОДИСАГА ТЎХТАЛСАК…  

Буни мен ҳам Ўзбекистон учун, ҳам Россия учун муҳим деган бўлардим. Пандемия инқирози Россиядаги муҳожирлар ҳолати кескин ўзгаришига олиб келди. Маълумки, Ўзбекистон Россияга энг кўп меҳнат муҳожирини юборадиган Марказий Осиё мамлакати ҳисобланади. Россияда 2020 йили меҳнат муҳожирлари сони икки баравар камайди. Бундан ташқари, буларнинг бари катта муаммолар билан бирга юз берди. Чунки, аэропортлар мамлакатдан чиқиб кета олмаётган одамлар билан тўла эди. Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларига ёрдам беришга ҳаракат қилди. Шу ўринда бир ҳолатга эътибор бериш керакки, Марказий Осиёнинг баъзи давлатл

ари мигрант фуқароларини деярли ташлаб қўйди. Аммо Тошкент бундай йўл тутмади. Россияда қолган муҳожирларнинг фақат олтидан бир қисмигина Россия қонунчилигида кўзда тутилган ҳуқуқий мақомга эга эканлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу шуни англатадики, қолган мигрантлар Россия миграция қонунчилигидаги чалкашликлар қурбонига айланди.

Тошкент ҳар доим миграцияни ўз кучи билан тартибга солишга ҳаракат қилган. Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари барини ўз оқимига, Россия ҳукуматининг измига ташлаб қўйган. Умуман олганда, бу жиддий муаммо – замирида инсон тақдири ётибди.