Ҳозирги кунда бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақалар ва кам таъминланган оилаларига моддий ёрдам тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги «Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 308-сонли Қарори билан тасдиқланган «Кам таъминланган оилаларига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида» Вақтинчалик низом асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар нафақалар ва моддий ёрдам тайинлашни сўраб, ариза билан мурожаат қилишлари мумкин.

Ариза фуқаронинг доимий ёки вақтинчалик яшаш жойи (прописка жойи) бўйича берилади ва аризага қуйидагилар илова қилинади:

– паспорт нусхаси;

– никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома;

– бола туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома.

Вақтинчалик низомнинг 7-бандига мувофиқ, юқоридаги нафақалар ва моддий ёрдам жами даромад белгиланадиган даврда белгиланган оиланинг ҳар бир аъзосига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўртача ойлик 0,527 баравар миқдори (358 007 сўм)дан ортиқ бўлмаган миқдорда тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромадга эга бўлган оилаларга тайинланади.

Қуйидаги ҳолларда тегишли ижтимоий нафақани ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

а) ариза берувчи оиласининг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик даромаднинг Вақтинчалик низомнинг 7-бандида кўрсатилган белгиланган мезонлардан ортиқлиги;

б) ариза берувчида ёки унинг оила аъзоларида кўчмас мулк мавжудлиги (ариза берувчининг прописка қилинган жойида жойлашган кўчмас мулк бундан мустасно);

 

в) ариза берувчи ёки унинг оила аъзоларида икки ва ундан ортиқ автотранспорт мавжудлиги;

г) аризада тақдим этилган маълумотларнинг ҳақиқатга номувофиқлиги аниқланиши;

д) даромадларнинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва меҳнат бўйича органларда ҳисобда турмаган ёки ҳақи тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжудлиги сабабли рад этилади.

Жорий йилнинг 10 сентябрь кунида Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Ш.Н. 14 ёшгача болали оилаларга нафақа тайинлаш масаласида яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилган. Фуқаронинг аризаси Пенсия жамғармаси мутахассиси томонидан белгиланган тартибда «Ягона реестр»АТ дастурига киритилган. Дастур томонидан автоматлаштирилган тарзда реал вақт режимида давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик орқали маълумотлар алмашилган.

 

Шунга асосан, Фуқаронинг расмий даромад манбаларига эга бўлмаганлиги ва охирги олти ой мобайнида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилмаганлиги сабабли, «Ягона реестр»АТ дастури орқали оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд деб ҳисобланиб, нафақа тайинлаш рад этилган.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТ қўллашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилади ва бу орқали нафақа ва моддий ёрдамлар инсон иштирокисиз тайинланиши ва тўланишини таъминлайди. Бу эса, халқимизга хизмат қилишда шаффофлик ва адолатлиликни таъминлаб беради.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг якунига қадар:

14 ёшгача болалари бўлган эҳтиёжманд нафақа олувчи оилаларнинг амалдаги сонини 2 баробарга ошириб, 700 мингтагача етказишни;

бола 2 ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа олувчи эҳтиёжманд оналарнинг амалдаги сонини 330 мингдан 400 мингтага ошириш;

моддий ёрдам олувчи кам таъминланган оилаларнинг амалдаги сонини 89 мингдан 100 мингтага етказиши белгиланган.

Пенсия жамғармаси матбуот хизмати