Қирғизистон президентлигига ўтказилган сайловлар ва мамлакатдаги бошқарув шакли бўйича референдум билан боғлиқ шикоятлар ва қонунбузарлик ҳолатлари синчковлик билан ўрганилади.
Марказий сайлов комиссияси раҳбари Нуржан Шайлдабекованинг брифингда маълум қилишича, айни шу текширувлардан сўнг қонунбузарликларнинг сайлов жараёнига нечоғлик таъсир кўрсатганига аниқлик киритилади.
Ўз навбатида, комиссия аъзоларидан бири Тинчтик Шайназаров журналистларга сайловлар куни 42 ҳолатда қонунбузарлик қайд этилганини хабар қилган.
“Эслатиб ўтамиз, дастлабки маълумотларга кўра президентлик сайловида Садир Жапаров 79,17 фоиз овоз тўплаган ҳолда етакчилик қилмоқда. Мухолифат номзоди Адахан Мадумаров 6,68 фоиз овоз олган. Жами 97,74 фоиз бюллетенлар ҳисоблаб чиқилган. Якуний натижалар барча бюллетенлар ҳисоблаб чиқилганидан кейин эълон қилинади”, дейилади “Rosbalt.ru” хабарида.