Юртимизда спортга бўлган эътибор юқори даражага чиқиб улгурган. Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди ҳамда Давлатимиз раҳбарининг таклифига биноан 2021 йил мамлакатимизда «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилинди.

Шунингдек, юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, соғлом турмуш тарзи, спорт билан мунтазам шуғулланиб бориш, соғлом муҳит остида ишлаш тобора ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб бормоқда.

Шу муносабат билан, 2021 йилнинг 6 январь куни Тошкент шаҳридаги “Daniel Hill Hotel” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Таэквондо (ИТФ) миллий ассоциациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди. Унда долзарб вазифалар муҳокама қилинди. Жумладан қуйидаги масалалар кўриб чиқилди:

1. Ассоциациянинг амалга оширилган ишлари юзасидан раҳбарият ва вилоят бўлими бошлиқларининг ўтган 5 йиллик ҳисоботлари тингланди.

2. Ўзбекистон Таэквондо (ИТФ) миллий ассоциациясининг президенти лавозимига Ҳасанов Лазиз Сайдивалиевич номзоди бир овоздан қайта сайланди.

3. Вилоят бўлими раҳбарлари ва вице-президентлар ҳам 5 йил муддатга сайланишди.

4. Ассоциациянинг 2021 йилда режалаштирилган ишлари билан таништирилди ва бу борада вилоят бўлими раҳбарлари, вице-президентларга кўрсатмалар берилди.

Таэквондо (ИТФ) миллий ассоциацияси олдига улкан вазифалар қўйилди. Мамлакатимизда спорт соҳасида, хусусан Таэквондо йўналишида эришилаётган ютуқларни Жаҳон ареналарида ҳам давом эттириш бўйича аниқ ва пухта режалар киритилди.

Ишонамизки, Таэквондо бўйича халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган спортчиларимиз Ўзбекистон байроғини юқори кўтаришда давом этишади.