Ўрмонда ва ҳатто шаҳар хиёбонларида ҳавонинг намлиги кўчага қараганда 15-30 фоиз юқори бўлади. Ана шундай ҳудудларни кўпайтириш ва улардан унумли фойдаланиш учун Ўрмон хўжалиги тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган.

Концепцияда ўрмон хўжалиги соҳасидаги хорижий тажрибалар, ўрмонларни барқарор бошқариш, гендер масалалар ва институционал ривожлантириш бўйича таклифлар, ўрмонларни бошқаришга маҳаллий аҳолини кенг жалб қилиш, ёнғоқ ва тез ўсувчи дарахтлар плантацияларини барпо қилиш, ерларни имтиёзли ижарага бериш кабилар ўз аксини топган.

Айни вақтда юртимизда ўрмонларни ижарага бериш ишлари  бошланди. У қайси мезонларга кўра берилмоқда? Бу борадаги ютуқлар ва муаммолар ҳақида Ўрмон хўжалиги қўмитасининг Инвестицияларни жалб қилиш ва давлат хусусий шерикликни ривожлантириш, бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар РЎЗИЕВ билан суҳбатлашдик.

– Концепцияга кўра, ўрмонларни муҳофаза қилиш, сақлаб қолиш ва ривожлантириш чоралари кўрилмоқда,– дейди А.  Рўзиев. – Зеро, уни асраш келгуси авлодларга экологик қулай шароит яратиш, озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини ечиш имконини беради. Шунингдек, концепцияда ўрмонларни муҳофаза қилиш, кўпайтириш ҳамда улардан оқилона фойдаланишни таъминлаш мақсадида бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган ижара ва давлат-хусусий шерикликнинг қоидалари ва тартиб-таомилларини жорий этилмоқда. 2020 йилнинг январидан бошлаб ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ерлари 49 йилга ижарага берилмоқда.

–Хўп, ўрмон фонди узоқ муддатга ижарага бериладиган бўлса, бунда қандай тартибга амал қилинади?

– Бу борада аниқлик ва тартиб бўлиши учун  жараён уч босқичда амалга оширилади. Ўзлаштирилмаган ўрмон ерларини аукцион тарзда, иш ўринлари яратиш мақсадида ва давлат хусусий шериклиги асосида ижарага берилади.

Агар буни аввалги тартиб билан солиштирадиган бўлсак, олдин ерлар фойдаланувчига мавсумий қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириш шарти билан берилган. 2020 йилдан эса 49 йилга берилиши тадбиркорларга анча қулай бўлди.

– Албатта, ерларни 49 йилга ижарага берилиши бу катта муддат. Бу йиллар давомида тадбиркор ердан қандай фойдалангани кузатиб бориладими? Ёки…

–Шартнома шартларида ҳар йили мониторинг ўтказиш белгиланган. Албатта, тадбиркорнинг ердан қай тартибда фойдаланиб бориши назорат қилинади.

– Ҳозирга қадар ўрмон ерлари масаласида шикоятлар жуда кўп бўларди. Янги тартиблар ана шу шикоят ва норозиликка қанчалик барҳам беради?

–Шикоятлар камаяди. Барча саволларга концепцияда жавоб берилган. Терак, павловния, писта, бодом қисқа фурсатда ҳосил бермайди. Унинг ҳосилини кутиш керак. Эътибор қилган бўлсангиз, шикоятларнинг аксарияти бу экинлар даромадга киргунча бўлган муддатда ижара ҳақи тўлаш билан боғлиқ эди. Энди бунга барҳам берилди. Павловния, бодом, писта ва терак плантациялари учун 5 йил, ўрмон билан қопланмаган ерларни ўзлаштириш, мойли, полиз бошоқли экинлар, доривор ўсимликлар етиштириш учун 3 йил имтиёзли давр белгиланган.

–Айни вақтда ДХШ асосида ўрмон ерларини ижарага олишга талабгорлар борми?

– ДХШ да кўрсатилган тартиблар асосида ҳали битим тузилгани йўқ. Бироқ, тегишли ишлар олиб борилмоқда.

–Инвестиция масаласи ҳам бугунинг муҳим масалаларидан ҳисобланади. Айни вақтда ерларни ижарага олишга хорижликлар қизиқиш билдирдими?

–2020 йил ноябрь ҳолатида 28 миллиард сўм, 7 миллион доллар ва 1 миллион евро миқдоридаги инвестициялар жалб қилинди. Шуни ҳисобидан экотуризмни ривожлантириш, павловния плантацияси, пистазорлар ташкил қилиш ва ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

–Шартнома тузаётган инвесторларнинг келгуси йиллар учун манзилли дастурлари мавжудми? Уларнинг ҳам ўзига хос талаблари бўлса керак?

– 2030 йилгача ўрмон хўжалигини ривожлантириш учун ҳар бир йўналишда 10 йиллик режамиз бор. Мисол учун, инвестиция киритиш ва янги иш ўрни яратишда кўмак бериш учун 40 минг гектар ерни ўзлаштириб, ижарага бермоқчимиз. Ҳар йили қўшимча икки минг гектарга инвестиция киритиб, ўзлаштирамиз. Ўтган йил давомида 30 минг гектардан кўпроқ ўрмон ерлари ижарага берилди. Бунда юридик шахсларнинг 172, жисмоний шахсларнинг 1725 лойиҳаси тасдиқланди ва 4 мингдан ортиқ иш ўрни яратилди.

Биз ўрмон ерларини чет эл инвесторларига тўғридан-тўғри ижара бермаймиз. Улар юртимизда корхона очиб, кейин ижарага ер олиши мумкин. Уларнинг талабига келадиган бўлсак, кўпчилиги туризмни ривожлантириш учун меҳмонхона, базалар қуриб, даромад олишни истайди. Бироқ, ички ва ташқи инвесторлар ўрмон ерларида ўрмонга зарар етказмасдан енгил конструкцияли бинолар кўриш учун маҳаллий ҳокимиятдан рухсат олиши керак.

–Мазкур масалани ечими йўқми? Жараённи осонлаштириш учун таклифлар ишлаб чиқилганми?

– Ўрмон тўғрисидаги баъзи қонунларга чорва учун айвонлар, экотуризм учун уйчалар, меҳмонхона ва базаларни қуришга ўрмон хўжалиги қўмитаси рухсат бериши борасидаги таклифни киритмоқдамиз.

Эслатма: суҳбатни батафсил видеода кўришингиз мумкин. Матнда қисқаришлар бор.

 

Сайёра ШОЕВА, Ёқуб МEЛИБОЕВ, ЎзА