Сенат ялпи мажлисида Мурожаатномада белгилаб берилган устувор вазифалар кўриб чиқилди.

– Мурожаатномада аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш тизимини яхшилаш, ушбу соҳада давлат улушини қисқартиришга алоҳида тўхталиб ўтилди. Ушбу мақсадлар учун бюджетдан жуда катта миқдорда маблағлар ажратилиши режалаштирилганлигидан ҳаммангиз хабардорсиз. Шундан келиб чиқиб, қонунларда белгиланган ваколатларимизни амалга ошираётганда, айниқса масъулларнинг ҳисоботларини эшитишда Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросига алоҳида эътибор қаратамиз ва шунга қараб улар фаолиятига қатъий баҳо берамиз.

Тегишли қўмиталар ушбу топшириқлар ижросини қатъий назоратга олишлари лозим. Мисол учун, келгуси йилда инфляцияни 10 фоиздан оширмаслик бўйича Марказий банк ва Ҳукумат олдига аниқ вазифа қўйилди. Марказий банк ва Вазирлар Маҳкамаси фаолияти таҳлил қилганда, асосий урғуни ушбу вазифа ижросига қаратилиши мақсадга мувофиқ бўлади.

Шунингдек, Адлия вазирлигига қабул қилинган ҳужжатларни масъулларга етказиш, тушунтириш, амалиётда қўллашга кўмаклашиш ва назорат қилиш каби долзарб вазифлар қўйилди. Шундан келиб чиқиб, вазирликнинг мазкур топшириқлар бўйича амалга ошираётган ишлар ҳолатини мунтазам равишда ўрганиб борамиз ва тегишли баҳо берамиз.

Бундан ташқари, Монополияга қарши курашиш қўмитаси фаолияти ўрганилганда асосий эътибор товар ва молия бозорларида эркин рақобат муҳитини шакллантириш, табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор механизмларини жорий этиш масалаларига қаратилади.

Ушбу вазирлик, қўмиталарга юқорида қайд этиб ўтилган топшириқлар асосида ўз фаолиятларини олиб бориш учун зарур шароитлар яратиб берилган, – деди Сенат Раиси.

 

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА