Мамлакатимизга Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 20 нафар масъул ходим ва шифокоридан иборат делегация ташриф буюрди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати маълумотига кўра, ташрифдан мақсад — афғонистонлик тиббиёт мутахассисларига коронавирус инфекцияси профилактикаси, тарқалишининг олдини олиш, унинг диагностикаси ва даволаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини ўргатиш, «COVID-19″ни даволашда замонавий ва самарали усулларни қўллаш бўйича уларнинг амалий кўникма ва малакасини оширишдан иборат.

Афғонистонлик мутахассислар мамлакатимизда ўн кун бўлиб, махсус ўқув машғулотларида иштирок этади. Ушбу машғулотлар коронавирус инфекциясини даволаш жараёнида бевосита қатнашган профессионал мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган.

Ўқув дастурини тайёрлашда Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ҳамда Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари, илмий-текшириш институтлари етакчи ходимларининг ўрни катта бўлди.

Ўқув машғулотлари давомида Зангиота туманидаги 1- ва 2-сон юқумли касалликлар шифохоналарида маҳорат дарслари ташкил қилинади. Бундан ташқари, меҳмонлар кўп тармоқли марказий поликлиника ва оилавий поликлиникалардаги ҳамкасбларининг фаолияти билан ҳам танишади. Шунингдек, делегация азолари Самарқанд вилоятига бориши ҳам кўзда тутилган.

ЖССТ маълумотига кўра, Афғонистонда 52 минг 909 ҳолатда коронавирус инфекцияси билан касалланиш қайд этилган бўлиб, шундан ўлим кўрсаткичи 2 минг 230 нафарни ташкил қилмоқда.

 

ЎзА