Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида “Вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасида Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари ижроси, 2020 йил сарҳисоби ҳамда 2021 йилда белгиланган вазифалар” мавзуида ташкил этилган матбуот анжуманида таъкидлаб ўтилди.

Матбуот анжуманида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Равшан Тўлаков ҳамда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Тўхтамурод Пакиров иштирок этди.

Таъкидландики, 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида Президентимизнинг соҳага доир фармон ва қарорлари ижроси,  Олий Мажлисга ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси асосида вилоятда соҳани ривожлантириш учун бир қатор устувор йўналишлар белгилаб олинган.

2021 йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашни тизимли равишда давом эттириш – энг муҳим вазифалардан бири бўлади. Бу ишлар учун 2021 йил республика бўйича давлат бюджетидан 3 триллион сўм захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар ҳисобидан, албатта, аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари ҳам амалга оширилади. Санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилади. Пандемия сабоқларидан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўлами янада кенгайтирилади. Жумладан, барча тиббиёт муассасаларида масофавий хизматларни кўпайтириш, поликлиника ва касалхоналарни электрон иш юритишга ўтказиш чоралари кўрилади. Шунингдек, республика ихтисослашган тиббиёт марказлари ва уларнинг филиаллари ўртасида телемедицина йўлга қўйилиб, диагностика ва даволаш учун жойлардаги имкониятлар янада кенгайтирилади.

Жорий йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витаминлар, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади.

Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш зарур. Бу борада бирламчи бўғинда умумий амалиёт шифокори ўрнига оилавий шифокор ва унга ёрдамчи сифатида 5 нафар ўрта тиббиёт ходимидан иборат “тиббий бригадалар” ташкил этилади. Жорий йил январ ойи охирига қадар аҳолини тиббий хатловдан ўтказиш, антропометрик ўлчовларни жамлаш орқали аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, бу борада тегишли электрон база ва ҳудудларнинг “Саломатлик профиллари” шакллантирилади. Ҳар бир маҳаллада, энг аввало, 5 ёшгача болалар, шунингдек, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар, ногиронлиги бўлганлар, қон-томир, онкологик, эндокрин каби касалликларга мойиллиги бўлган фуқаролар билан ишлашнинг алоҳида тизими жорий этилади.

Йил якунига қадар вилоятдаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг (кўп тармоқли ва оилавий поликлиникалар, оила шифокорлик пунктлари) оптик толали интернет тармоғига уланиши таъминланади.

Тиббий хизматлар кўрсатишда бирламчи бўғин қамровини кенгайтириш мақсадида келгуси 3 йилда 25 та оилавий шифокор пункти ва 5 та оилавий поликлиника ишга туширилади. Жорий йилда 8 та оилавий шифокор пункти ва 1 та оилавий поликлиника ишга туширилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, “қишлоқ шифокори” дастури доирасида олис ҳудудларда иш бошлайдиган врачларга 30 миллион сўмдан ёрдам пули бериш ҳамда уларни хизмат уйлари билан таъминлаш режалаштирилган.

Шунингдек, жорий йилда вилоятда қондаги қанд миқдорини аниқловчи глюкометр ускунаси ва экспресс тестларни ишлаб чиқарувчи қўшма корхона ташкил этилади. 1 мартга қадар аҳолининг тегишли контингенти қондаги қанд миқдори ва холестеринни аниқловчи экспресс тест тўпламлари билан таъминланади. 1 сентябрга қадар вилоят аҳолиси орасида юрак қон-томир касалликлари ҳамда 2-турдаги қандли диабет касаллигини мақсадли скринингдан ўтказиш чораларини кўриш ва текширув натижалари бўйича аҳолининг индивидуал назорати ҳамда соғломлаштириш ишлари якунланади.

Аҳолининг катта қисмини қийнайдиган ўткир қон-томир касалликлари бўйича вилоятда 4 та туманлараро марказ ташкил этилади. Ушбу марказлар аҳолига инфаркт ва инсульт ҳолатларида тезкор ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш орқали ўлим ва ногиронликни камайтиришга хизмат қилади.

2021 йил ноябрь ойига қадар (Қарши шаҳар туғруқ комплекси, вилоят перинатал маркази, репродуктив саломатлик маркази, вилоят скрининг марказини жамлаган ҳолда) оналик ва болаликни муҳофаза қилиш кластери ташкил этилиши режалаштирилган.

2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Қарши давлат университети қошида тиббиёт факультети ташкил этилади.

2021 йилда Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Қашкадарё филиалида инвестиция дастури доирасида олиб борилаётган қурилиш-реконструкция ишларига кўшимча равишда гемодиализ ва универсал ангиограф ускуналари учун қўшимча бино қуриш режалаштирилган. Вилоят соғликни сақлаш тизимидаги 11 та тиббиёт муассасасида қурилиш-реконструкция ишлари учун республика бюджетидан 83 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилади ва ушбу муассасалар тўлиқ замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади.

2021 йилда  тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртлари  битирувчиларидан 356 нафар ёш шифокорнинг ишга келиши  кутилмоқда. Булардан  203 нафари бакалавр, 48 нафари магистр, 105 нафари  клиник ординаторларни ташкил этади. Мазкур ёш мутахассислар ҳисобига туманлардаги  шифокорлар етишмовчилиги муаммоларини бартараф этиш кўзда тутилмоқда.

 

Ў.БАРОТОВ, Ж.НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА