Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида барча соҳаларда эришилган натижалар таҳлил қилиниб, келгусидаги режалар айтилди.

Жумладан, Халқ таълими вазирлигининг ҳам бажарилиши керак бўлган кўплаб вазифалари белгиланди.

Бу ҳақда халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ЎзА мухбирига  сўзлаб берди.

– Президент Мурожаатномада таълим тизимидаги ислоҳотлар хусусида алоҳида таъкидлаб ўтди, – дейди Рустам Каримжонов.– Унда халқ таълими тизимида кейинги икки йилда электрон таълим тармоғини яратиш учун 250 миллиард сўм маблағ ажратиш хусусида гапирилди. Ушбу маблағлар мактабларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, мактабдаги ички тармоқларни ривожлантириш, болаларга замонавий билимларни ўргатиш мақсадида сарфланади.

Шу пайтга қадар мактаб ички инфратузилмасини ислоҳ қилиш, кенг ривожлантириш учун бюджетдан бу каби маблағ ажратилмаган эди. Бу ўқувчиларнинг билим олишини янада енгиллаштиради,  улар замон талабига мос равишда билим олади.

Шунингдек,  Мурожаатномада хусусий мактабларга ажратиладиган субсидия соҳадаги муҳим ёндашувлардан бири бўлди.

Шу билан бирга,  ҳар бир ўғил-қиз мактабни битираётганида бир касб эгаси бўлиб чиқиши ҳақида ҳам гапирилди. Бунда касб кўникмаларини эгаллаш,  касбий ривожланиш тизими йўлга қўйилади.

Бу бўйича 7-синфдан  бошлаб ўқувчиларни касб-ҳунарга тайёрлаш юзасидан вазифалар белгиланди. Бундай замонавий тизимни йўлга қўйиш учун халқаро экспертларни жалб қилиб, халқаро тажрибани ўрганиб, уларни касбга йўналтириш тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.

Яна энг муҳим жиҳатлардан бири, ёшларнинг кўникмасини мустаҳкамлашдир. Бунда бугун олинган билимлар ўн йилдан кейин  фойда бериши масаласи ҳам бор. Эндиликда ҳар бир мактаб битирувчиси бутун умри давомида ўқиш тизимини йўлга қўйиши белгиланди. Бунда ўқувчиларнинг узлуксиз ва керакли билимларни олишига эришишимиз керак. Бу бўйича янги режаларимиз бор.

Ўқувчиларни иқтидорига қараб рағбатлантириш ва ривожлантириш тизимини яратиш режалаштирилаяпти.

Вазир ўринбосарининг фикрларини видеода батафсил кўриб, тингланг.

 

Б.Мелиқулова,

Ё.Мелибоев(видео),ЎзА