Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги тегишли қарори билан Ҳукуматнинг 2019 йил 30 сентябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Унга кўра, мактабларнинг педагог ходимлари халқаро тадқиқотларга ўқувчиларни тайёрлаб бориш ишларига муносиб ҳисса қўшган тақдирда базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 100 фоиз устама қўшилади.

Илгари ушбу устама педагог ходимлар фаолияти давомида юқори натижалар кўрсатган тақдирда тўланган.

100 фоизлик устама олишга даъвогар педагог ходимларнинг машғулот олиб борадиган фанлари бўйича ўқувчиларининг билими халқаро баҳолаш дастурлари интеграция қилинган назорат материаллари асосида баҳоланади.

Бунда назорат материаллари Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази билан ҳамкорликда Республика таълим маркази томонидан тайёрланади. Илгари назорат материаллари ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан тайёрланган.

Шунингдек, эндиликда ўқувчилари халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритганда мактабларнинг раҳбар ходимлари ва соатбай ишловчи ўқитувчиларга ҳам ойлик устамалар белгиланади.