Ҳинд ва ўзбек халқи ўртасидаги ўзаро самимийлик узоқ ўтмишга бориб тақалади. Бу икки мамлакат ва халқларини тарих, илм-фан, маданият, шарқ фалсафаси каби қадимий ришталар бирлаштириб туради.

Илк ўрта асрларда қомусий олим Абу Райхон Беруний ўзининг илмий тадқиқотлари маркази сифатида ушбу афсонавий мамлакатни танлаб, машҳур “Ҳиндистон” асарини ёзгани бунинг исботидир. Ҳиндистон ва унинг маданияти, илм-фанига қизиқиш бугунги кунда ҳам давом этиб келмоқда. Халқимиз томонидан ҳинд санъат намуналари – бадиий фильм, қўшиқ, ҳинд миллий либослари – жуда катта қизиқиш билан қабул қилинса, олимларимиз ўз илмий ишларини ушбу мамлакат билан боғламоқда.

Тошкент давлат шарқшунослик университетида ҳинд тили билан бирга Ҳиндистон тарихи, сиёсий, иқтисодий фаолияти, ҳинд фалсафаси талабаларга чуқур ўргатиб келинади, ёш олимлар эса ҳиндшунослик соҳасида илмий изланишларини олиб бормоқда.

Бу эътибор ва ўзаро ҳурматнинг икки томонлама эканлиги эса алоҳида ғурур ва ифтихор бахш этади. Ушбу университет билан Ҳиндистоннинг қатор олий таълим муассасалари ўртасида ўзаро илмий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, мазкур ҳамкорлик доирасида 2019 йилда ҳиндистонлик адабиётшунос олим, профессор, филология фанлари доктори Хожа Муҳаммад Икромиддин университет талабаларига ҳинд тили ва адабиётидан сабоқ берганди. Ҳиндистонлик олим Ватанига қайтгач, Ўзбекистон ва унинг кўҳна шаҳарлари, шу жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети билан боғлиқ хотиралари ҳақида “Сафарнома” номли китобини Ҳиндистонда нашр эттирди. Мазкур китоб ТДШУ доценти, филология фанлари номзоди Муҳайё Абдураҳмонова томонидан ўзбек тилига таржима қилинди.

Китобда Ўзбекистон ва Тошкентнинг ажойиб табиати, бой тарихи, маданий ёдгорликлари, ҳатто сершовқин бозорлари, сўлим хиёбонлари-ю озода кўчаларининг тасвири ва тавсифи шу қадар чиройли ифода этилганки, мутолаа жараёнида пойтахтимизни қайта кашф этгандек бўласиз гўё. Ҳар куни кўзимиз кўриб, фикримизни олмаган юртимиз билан боғлиқ факт ва ҳодисаларни хорижлик олим нигоҳи билан ўқир эканмиз, профессор Икромиддиннинг Ўзбекистон ва унинг халқига нисбатан бўлган илиқ ва самимий сўзларидан ғурур туясиз. Олимнинг айниқса, Тошкент давлат шарқшунослик университетидаги таълим тизими ва илмий муҳит билан боғлиқ маълумотлари алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда профессор илмий ишлар ва ўқув жараёнидаги ижобий ҳолатларни юқори баҳолаган.

Ҳиндистонлик филолог олимнинг Тошкент сафари хотиралари ва таассуротлари жамланган “Сафарнома” китобини ўқиш Она Ватанимиз, азим Тошкент шаҳри, маданий ва кундалик ҳаётимизга хорижлик олим нигоҳи билан қараш, ўрни келса қадрини билиш, ғурурланиш демакдир.

«Самарқандда мен ақлни шоширувчи меъморий гўзалликни кўрдим. Миноралар, масжидлар, мадрасалар ва мақбаралар мени ҳайратга солди. Асрлар давомида ўзининг дастлабки кўринишини сақлаб қолган, қадимий обидалари билан танилган Бухоро ва Самарқанд шаҳарларининг кўринишидан ҳайратландим” – деб ёзади муаллиф. Ўз таассуротларини ёритаётиб, олим яшил боғлар, кенг кўчалар, мовий рангли мадрасалару борган чекка ҳудудларигача инсонларнинг илиқ муносабати, меҳмондўстлигини ҳис этганини айтади.

Муаллиф Тошкент, ундан кейин Самарқанду Бухорода сафар вақтида ўзбек халқига хос тантилик, меҳмондўстлик, тотувлик, бағрикенглик ва самимийликни кўриб, бундан ҳам таъсирлангани, айни пайтда ҳайратга тушганини ёзади. Ислом мамлакатларини шунча кезиб, фақат бизнинг халққа хос қадриятлар – ёши кичикларнинг каттани кўрганда, у ким бўлишидан қатъий назар салом бериши, уй-ҳовлини тартибга келтириб қўйиш, меҳмонларга алоҳида ҳурмат-иззат кўрсатиш, кекса, қариялар, касал, ожиз, муҳтож кишилар ҳолидан хабар олиш каби фазилатларни кўргани, ислом қарийб минг йилдан бери ўзбек халқи ҳаётининг ажралмас қисмига айлангани, орадан асрлар ўтиб ҳам, бу сарзаминда исломий асосга эга урф-одатлар, дунёқараш ва маданият оддий халқ ҳаётидан, хусусан, диний амаллардан узоқ дунёвий одамлар турмушидан ҳам мустаҳкам ўрин олганини руҳланиб таърифлаган.

Мазкур китоб ҳиндистонликлар учун Ўзбекистонни таниши, ўрганиши учун асос бўлса, ўзбекистонликлар учун фахр туйғусини берувчи воситадир.