Куни кеча мамлакатимиз Президенти Олий Мажлисга ўзининг навбатдаги Мурожаатномасини йўллади. Ушбу Мурожаатномани халқимиз кўтаринки кайфият билан кутиб олди. Чунки, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг кейинги босқичи, ривожланишини белгилаб берган мазкур воқелик юрт равнақига бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсоннинг эътиборидан четда қолиши мумкин ҳам эмасди.

Албатта, Юртбошимиз илгари сураётган ташаббуслар, амалга ошираётган кенг қамровли ислоҳотлар провардида илм-у маърифатли баркамол авлод билан юртимиз равнақи жаҳонга юз тутиб, ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлади. Таълим ва тарбия жараёнини тубдан ислоҳ қилиш бугунги куннинг долзарб масаласи сифатида эътироф этилар экан, педагог кадрлар зиммасига илм-у маърифатли келажак авлодни тарбиялашдек катта масъулиятни юклайди.

Айниқса, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, дея таъкидлаши бутун халқ таълими соҳаси ходимлари ва педагогларни руҳлантириш билан бирга янада юксак ва шарафли вазифаларни юклайди. Шунингдек, Президентимизнинг «Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим», – дея таъкидлаганлари ўйлайманки, ўқитувчиларимиз қалбини ғурур-ифтихорга тўлдирди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги вақтларда юртимизда Давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашдан тортиб, таълим сифатини оширишга қаратилган амалий ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Муҳтарам Президентимизнинг хайрли ташаббуслари билан мактабларга ва у ерда таҳсил олаётган ёшларимизнинг маънавий камолотларига алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Мурожаатномада Президентимиз жамият тараққиётида муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга илм-фан ва маърифатга алоҳида эътибор берганликлари таҳсинга сазовордир.

Айниқса, Юртбошимиз 2021 йилниЁшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили,– деб номлаши билан халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг интеллектуал, замонавий билим салоҳиятларини ошириш йўлида муҳим қадам қўйдилар.

2021 йилдан бошлаб, мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига ёшларни қамраб олиш 65 фоизга, 2023 йилгача 75 фоизга етказилади. Мактабгача таълим муассасаларини барпо этиш учун бюджетдан 600 млн доллар субсидия ажратилиши ҳақидаги сўзлари ҳам давлатимиз раҳбарининг узоқ келажакни кўзлаб қилаётган саъй-ҳаракатларининг ёрқин ифодасидир. Албатта, бугунги болаларимиз, набираларимиз эртамизнинг эгаларидир. Уларнинг етук шахс бўлиб вояга етишлари учун бугундан яхши эътибор бериш, таълимга эрта йўналтиришимиз лозим бўлади.

Қолаверса, Президентимиз ўз Мурожаатномасида  бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа 100 фоиз устама тўланади, дея таъкидлаши ӯқувчиларнинг мантиқий мушоҳада юритиши, ижодкорлик, яратувчанлик ва креатив фикрлаш қобилиятларини янада ривожлантиришга қаратилган замонавий метод ва технологияларни дарсларда фаол қўллаб, уларнинг ақлий, маданий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга ундайди. Зеро, бугунги кунда таълим тизимини ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўқувчиларимизнинг замон талабларига мос равишда жиҳозланган замонавий мактабларда таълим олишлари ҳам ёшларга бўлаётган эътиборнинг бир бўлагидир. Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада таъкидлаганидек, 2021 йилда 30 та янги мактаб қурилади ва 320 та мактаблар капитал таъмирдан чиқарилади. Бу ишларни амалга ошириш учун эса бюджетдан 2 трлн сўм маблағ ажратилиши ҳам таълим тизимига бӯлган катта эътибордир.

Шунингдек, олий маълумот оламан, ўз устимда ишлаб, илмли бўламан, деган, юрагида ўти бор, жўшқин ёшларимизнинг таҳсил олиши учун ҳамма қулайликларни яратиш, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2021 йилда олий таълимга давлат гранти асосидаги қабул квотаси 25 фоизга етказилади. Эҳтиёжманд оилаларнинг қизларини грант асосида олий таълим муассасасига қабул қилиш 2 баробарга оширилиб, қабул квотаси 2000 тага етказилади. Аъло баҳоларга ўқийдиган қизлар учун алоҳида стипендиялар жорий этилади. Бугун илм-фан, таълим тизими, молия ва иқтисодиёт соҳаси фидойиларининг энг жонкуярлари, элим, юртим деган ходимлари, олим-у фузалолари орасида хотин-қизларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши улар сафининг янада кўпайишига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг педагогик маҳорат ва малака даражасига эга бўлган, ўз соҳасида аниқ натижаларга эришган ўқитувчиларга юқори маош тўлаш тизимини жорий этиш, 2021 йилда «Эл-юрт умиди» жамғармаси орқали етакчи хорижий ОТМларга магистратура ва докторантурага ўқишга юбориладиган ёшлар сони 5 баробарга оширилиши ҳақидаги таклифлари ҳам халқ таълими тизими ходимиларини янада руҳлантирди. Ахир,  Мамлакатимиз раҳбари томонидан таълим тизимига шунчалик эътибор берилаётган экан, биз ҳам, ўз навбатида, бу чақириқларга ҳалол меҳнатимиз билан муносиб жавоб бермоғимиз лозим.

Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу Мурожаатнома мамлакатимиз тараққиётида инсон манфаатлари ва қонун устуворлигига таянган, халқимизга янгича куч-ғайрат бағишлаган, аҳолининг келажакка бўлган ишончини янада мустаҳкамлаган янги бир босқич бошланганлигини англатади.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари

қўмитаси аъзоси

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги