Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ташаббуси билан Хўжайли туманидаги 1-сонли “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари учун тадбир ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, “Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Тадбир иштирокчилари бу ерда яратилган шароитлар ва таълим-тарбия жараёни билан яқиндан танишди.

Байрам арафасида  110 нафар тарбияланувчига қишки кийим-кечак совға қилинган бўлса, 2020-2021 ўқув йилида олий ўқув юртларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган 25 нафар тарбияланувчига Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ва Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири номидан “Ташаккурнома” тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланиб, ҳозирда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга кирган 14 нафар талабага давлат томонидан бериладиган озиқ-овқат, шахсий гигиена воситалари, кийим-кечак, йўлкира ҳақи ва стипендия учун жами 37 миллион 426 минг сўмлик пул маблағи тўлиғи билан тўлаб берилиши ва ушбу талабаларнинг ўқиш маскани ётоқхонасига  жойлаштирилиши таъминланди.

Келгусида болаларни соғлом руҳда тарбиялаш, ўзларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, жамиятда фаол иштирок этишда кўмаклашадиган тўлиқ ва муносиб шароитларда тарбияланишларига қаратилган бундай тадбирлар кўплаб ўтказилиши режалаштирилган.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА