Нукус гарнизонидаги Сафарбарлик чақируви резерви (СЧР) батальонида бир ойлик бошланғич ҳарбий тайёргарликни ўтаган қорақалпоғистонлик 500 нафарга яқин ёшлар Ватанга қасамёд қабул қилишди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Ҳарбийча анъаналарга асосланиб ўтказилган маросимда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди. Жорий этилган карантин чоралари сабаб, она юртга садоқатли бўлишга онт ичган ўғлонларнинг ота-оналари ва яқинларининг иштироки чекланди.

Сўзга чиққанлар йигит киши ҳаётида бир маротаба бўладиган мана шундай маросимда турган барчани муборакбод этиб, Ватанга қасамёд қилганидек юртга содиқ, ватанпарвар, юртсевар бўлишларини тилади.

Нукус гарнизони ҳарбий оркестри томонидан намойиш этилган концерт дастури, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари йиғилганларнинг байрамона кайфиятини кўтарди.