Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг видеоконференцалоқа тарзида мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар, шу жумладан, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонунлар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Шу билан бирга давлатимиз раҳбарининг Парламентга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш белгиланди.

Cуд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида ўндан ортиқ Президент фармонлари ва қарорлари ҳамда Парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Ушбу фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонунга асосан суд тизимида вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Маъмурий тартиб-тамойиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш белгиланган. Шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Шуларга асосан, суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётганлигини инобатга олиб Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Мазкур қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд тизимини бошқариш масалалари такомиллаштирилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга эришиш билан бир қаторда, энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосини бир жойда ҳал қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Кодексда норматив-техник ҳужжатларни жорий этиш ва уларнинг ҳисобини юритиш бўйича янги нормалар мустаҳкамланмоқда. Яъни шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги қарорларнинг муҳокамасида жамоатчилик назоратининг иштирокини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Юридик ва жисмоний шахсларга етказилган зарарнинг ўрни қопланишининг асосий йўналишларини белгилаб берадиган янги норма киритилмоқда. Пудрат учун давлат шартномасини ишлаб чиқиш ва тузиш тартиби ва пудрат ишлари қатъий шартнома асосида амалга оширилиши белгиланган. Шунингдек, шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказишда экспертларнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги кўрсатилган.

Ўз ўрнида, мазкур Кодексда қурилиш материаллари, буюмлари ва конструкцияларига қўйиладиган талаблар акс эттирилиб, уларга асосан шаҳарсозлик фаолиятининг молиявий таъминоти, суғурталаш ва шаффофликни таъминлаш, жумладан, қурилишда суғурталаш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Мазкур нормаларнинг белгиланиши соҳада бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, аҳоли пунктларининг бош режаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда шаҳар чегаралари аниқлашнинг янги қонуний асосларини яратади.

Хусусан, шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари ишлаб чиқилишининг тартиби, муддатлари ва уларнинг йўналишлари белгиланиши, рақобат муҳитини ривожлантириш орқали инвестиция муҳити яхшиланиши, шаҳарсозлик соҳасида жамоатчиликнинг кенг иштироки, атроф-муҳит муҳофазаси ва аҳолининг соғлиғини асраш, яшаш ва фаолият муҳитини шакллантиришнинг комплекс шароитларини белгилашга имкон яратиши таъминланади.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА