Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот тумани ҳудудида давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклида умумий майдони 1 миллион 447 минг 143 гектар бўлган “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ташкил қилинган эди.

Мазкур ҳужжат билан табиат боғининг ташкилий-хуқуқий асослари белгилаб берилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси Ислом Хушвақтовнинг ЎзА мухбирига тақдим этган маълумотига кўра, ҳукуматнинг мазкур қарори билан амалга ошириладиган саъйи-ҳаракатлар Жанубий Устюрт ҳудудидаги мавжуд фауна ва флора дунёси генофондини ҳамда табиий ландшафтларни сақлаб қолиш ҳамда ҳудудда экотуризм салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Депутат И.Хушвақтовнинг таъкидлашича, мазкур табиий ҳудуд муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни давлат томонидан бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, уларни янада ривожлантириш, шунингдек Республика экотизимининг биохилмахиллигини сақлаб қолиш мақсадида ташкил қилинган. Президентимизнинг 2019 йил 20 мартдаги “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2019-2022 йиллар мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 5 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил қилиниши белгиланган.

Миллий табиат боғи ҳудудига бир вақтлари астероид тушган

Табиат боғи ҳудуди ўз таркибига Қўнғирот давлат ўрмон-ов хўжалиги, Хўжайли давлат ўрмон хўжалиги, “Ўзбекбалиқсаноат” уюшмаси ва туман заҳира ерларини олади. Ушбу ҳудудларда Ассаке-Аудан чуқури, Устюрт платосининг жанубий чинки, “Сариқамиш” кўли акваторияси каби хушманзара табиат гўзалликларини акс эттиради.

Ҳудудда шундай объект борки, у глобал даражада ноёб табиат ҳодисасидан дарак берувчи жойдир. Овал шаклида чуқурлиги 40 метр, ўлчами 7х10 км бўлган майдон ўрта неоген даврида (эрамиздан 11-7,3 млн. йил олдин) ушбу ҳудудга астероид тушган, деган тахмин борлигини билдиради.

Табиий ландшафт яхши сақланган, ҳайвонот ва ўсимлик олами ўзига хос

Айтиш жоиз, Оролбўйи инқироз минтақасида жойлашган Устюрт платоси табиий ландшафтини ва у ердаги биохилмахилликни доимий муҳофазага олиш зарурияти долзарб масала бўлиб, ҳудуддаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси мамлакатимиздаги бошқа табиий ҳудудлардан ўзига хослиги, табиий ландшафтларнинг эса нисбатан инсон хўжалик фаолияти таъсирида кам ўзгарганлиги билан ажралиб туради.

“Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ҳудуди ҳайвонот ва ўсимлик дунёси бой ва ранг-баранг бўлиб, у ерда сут эмизувчиларнинг ноёб турлари, хусусан Устюрт тоғ қўйи, муфлон, тоғ эчкиси, тўнғиз, ҳинд асалхўри, каракал, тўқай мушуги, қушларнинг эса йўрға тувалоқ, оққуш, фланминго, сақоқуш каби ноёб турлари, сув ҳавзаларида эса эндемик балиқ турларига бой ҳисобланади. Ҳудуд ноёб доривор ва техник ўсимликлар турларига бой катта ҳудудлиги билан ажралиб туради.

Афсуски, сўнги йилларда ҳудуднинг ноёб ҳайвонот дунёси вакиллари, яъни турон йўлбарси, гипард, леопард, гиена каби ҳайвон ҳамда Амударё катта курак буруни, Орол бақриси, Орол сулаймон балиғи каби нодир балиқ турлари тиклаб бўлмас даражада йўқ бўлиб кетди.

Мазкур ҳудудда браконьерлар томонидан кейинги йилларда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган жайрон ва сайғоқларни ноқонуний овлаш ҳоллари кўп учрамоқда. Шунингдек, геологик қидирув фаолиятининг табиий ландшафтларга техноген таъсири сақланиб қолмоқда.

Ҳудудда питомниклар қурилади, экотуризм ривожланади

Жанубий Устюрт ҳудудининг муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар мақомига эга бўлиши ҳудуддаги биологик ресурслар ва табиий ландшафтлар муҳофазасини тўлиқ таъминлашга замин яратади. Ҳудудда ноёб ҳайвон ва қушларларни, сув ҳавзаларида эса эндемик балиқ турларини кўпайтириш бўйича питомникларни ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, бу ўз навбатида келгусида улар генофондини сақлаб қолиш имконини беради.

Миллий табиат боғи ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳамда табиий ресурслардан оқилона фойдаланишнинг долзарб йўналиши бўлган экотуризмни ривожлантириш имкониятини яратади.

Бугунги кунда Фанлар академиясининг Ботаника ва Зоология институтлари олимлари томонидан “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ҳудудининг биохилмахиллигини ўрганиш, ҳудуднинг қўриқлашни таъминлашни талаб этувчи майдонлари ва уларнинг географик координатларини, шунингдек муҳофаза қилиш мақомини белгилаш ишлари олиб борилмоқда.

Чегарадаги сим тўрлар ва коллекторлар кўчманчи ҳайвонларнинг миграцон йўлини тўсиб қўйди

Таъкидлаш жоизки, Устюрт платосининг умумий майдони 21 миллион гектар майдонга тенг бўлиб, бугунги кунда ушбу майдоннинг 7 миллион гектар майдони Ўзбекистон ҳудудига, қолган қисми эса Қозоғистон ва Туркманистон Республикалари ҳудудига тегишли. Ўрта Осиёда мустақил давлатларнинг вужудга келиши натижасида давлатлараро чегаралар барпо этилди, шу жумладан Устюрт платосида ҳам сим тўрлар тортилди, чуқур коллекторлар қазилди. Натижада минглаб йиллар давомида Устюрт платоси бўйлаб кўчиб юриб, ҳаёт тарзини давом эттирган ёввойи ҳайвонларнинг миграцион йўллари суньий равишда ёпиб қўйилди. Айтиш жоизки, “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи ҳудуди Туркманистон Республикаси билан чегарадош бўлиб, келгусида ушбу ҳудудда трансчегаравий муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барпо этиш учун муҳим ҳисобланади.

Орол денгизи табиий кондиционер хизматини бажарган

Орол денгизининг қуришигача, яъни ўтган асрнинг 60-йилларигача Устюрт платосида нодир ҳайвонларнинг, хусусан сайғоқ, жайрон, Туркман қулони, Пржевальский отларининг минглаб подалари қиш ва баҳор мавсумларида Ўзбекистон ҳудудида, ёз ва куз фаслларида эса Қозоғистон ва Россия томонларда қишлаш учун кўчиб юрган. Орол денгизи мисли табиий кондиционер сифатида Устюрт платосига мўътадил иқлимни таъминлаб берган. Платонинг кўплаб чуқурликларида ёғингарчилик сувларидан сув ҳавзалари (қоқлар) пайдо бўлган, минглаб ёввойи ҳайвон подалари мазкур қоқлардаги сув билан таъминланган.

Ўтган асрнинг 60-йилларида Устюртда сайғоқлар сони шунчалик кўпайиб кетганки, натижада хукумат томонидан ушбу ҳайвонларни саноат асосида овлашга рухсат берилган. Шунингдек, ушбу ҳудудда жойлашган Чинк (Орол денгизи ҳосил қилган қирғоқ қоялари, айрим жойларда баландлиги 350 метрни ташкил этади)да кўплаб ичимликка яроқли сув чиқадиган булоқлар, инсон оёғи етиб бормаган минглаб гектар майдонда тўқайзор ва қамишзорлар мавжуд бўлган. Ушбу ҳудудларда аҳоли пунктлари бўлиб, улар асосан балиқчилик ва мўйначилик билан шуғулланган. 1941-1945 йиллар давомида аҳоли пунктларидаги маҳаллий халқ фронтга балиқ, ҳайвон ва парранда гўштларини, турли хил ҳайвонлар тери ва мўйнасини, хаттоки Устюрт платосидан тошбақа гўштини ҳам жўнатишган.

Жанубий Устюрт худудидаги фауна ва флора дунёси кадастрини юритиш жараёнида зоолог ва ботаник олимлар мазкур ҳудуднинг биохилмахиллиги бошқа ҳудудлардан кам эмаслигиги, айрим ноёб эндемик ҳайвон ва ўсимлик турлари бошқа ҳудудларда учрамаслигига гувоҳ бўлишган, Устюрт чинкининг бетакрор ланшафтлари эса жозибадор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишган.

Е.Қаноатов, ЎзА