«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида истеъмолчиларни узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти Бош директори З.Керимзатов, «Тахиатош иссиқлиқ электр станцияси» акциядорлик жамияти Бош директори Ф.Халилаев, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон филиали директори С.Умбетовлар иштирок этиб, бугунги кунда саноат корхоналарини, тадбиркорлик субъектларини ва аҳолини электр энергияси билан таъминлашни янада яхшилаш борасида қилинаётган ишлар хусусида маълумот берди.

Таъкидланганидек, Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси бўйича жами 380 минг 226 дона замонавий электрон ҳисоблагич ўрнатилиши режалаштирилган. Шу кунга қадар жами 325 минг 597 дона замонавий электр ҳисоблагич ўрнатилган.

Жорий йилнинг якунига қадар яна 54 минг 629 дона замонавий электрон ҳисоблагич ўрнатилиб, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (АСКУЭ) улаш назарда тутилган. Бу аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашдаги муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятида Қорақалпоғистон Республикаси аҳолиси, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси билан таъминлаш мақсадида жорий йил 10 ойи давомида жами 1139,4 миллион кВт.соат, шу жумладан аҳолига 449,2 миллион кВт.соат ва улгуржи истеъмолчиларга 690,2 миллион кВт.соат. электр энергияси етказиб берилди. “Паст кучланишли тармоқларни модернизация ва реконструкция қилиш” Дастури доирасида 426,6 километр узунликдаги паст кучланишли электр тармоқлари ва 172 дона трансформатор пунктида янги қурилиш ва реконструкция ишлари бажарилди. Ушбу ишлар учун 31,2 миллиард сўм маблағ сарфланди. Шунингдек, куз-қиш мавсумига тайёргарлик бўйича 1552,1 километр узунликдаги 0,4-110 кВ электр узатиш тармоғи, 443 дона трансформатор пункти ва 3 та юқори кучланишли подстанция мукаммал таъмирланди.

«Тахиатош иссиқлиқ электр станцияси» акциядорлик жамиятида шу кунларда иккита янги замонавий буғ-газ ускунасининг қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, тест режимида ишламоқда. Келгуси йилнинг февраль ойида якунига етказилиши режалаштирилган ушбу замонавий буғ-газ ускунаси Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини электр энергияси билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида жами 197 миллиард сўмлик 101 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган, – дейди «Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамияти капитал қурилиш ва логистика бўйича директори Жолдас Нарманов. – Шундан 442 та трансформатор пунктини, 1023 километр электр узатиш тармоғини қуриш ва реконструкциялаш ишлари олиб борилади.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА