Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан Тахиатош туманида “Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти“ форуми ўтказилди.

Тадбирда партиянинг туман кенгаши ходимлари, туман кенгаши депутатлари, мутасадди ташкилот вакиллари, тадбиркорлар ва тадбиркорликни энди бошламоқчи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар иштирок этди.

Форумда асосан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг амалий ҳаётимизда янада кенг ўрин эгаллаши учун янги имконият, имтиёз ва преференциялар яратиб бериш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди. Тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммолар тингланди.

Жумладан тадбиркорликни энди бошламоқчи бўлган фуқаро М.Байрамов уй олди атрофига иссиқхона қурмоқчилиги, шу бўйича кимга мурожаат қилиш кераклигини айтди. Мурожаат юзасидан туман Бандликка кўмаклашиш маркази директори О. Хайтбаев ҳозирда кам таъминланган оилалар,  ишсиз хотин-қизлар ва ёшлар учун иссиқхоналарни бепул ўрнатиш бўйича имтиёз борлиги ва тадбиркорликни энди бошламоқчи бўлган фуқаролар учун тадбиркорлик бўйича бериладиган гувоҳнома учун энг кам иш ҳақи 223 минг сўм пулни ҳозирги кунда туман Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан тўланишини айтиб ўтди.

“Дилором текстиль“ оилавий корхонаси раҳбари Дилором Сабирова ҳам фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида ноль балансда бўш турган иморат кераклиги бўйича мурожаат қилди. Бу мурожаат юзасидан ҳам тегишли маълумотлар берилиб ўтилди.

Ёш тадбиркор “Дана текстиль“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гулдана Ахметова ҳам ўзининг корхонаси ёнидаги янги иморатда аква ойна ва эшик ромларини ишлаб чиқарувчи станоклар олиб келишда банк томонидан имтиёзли кредит керак эканлигини айтди. Мурожаат юзасидан “Халқ банки“ туман филиали томонидан ҳозирги кунда 14 фоиздан иккита кафил билан 33 миллион сўмдан кўпроқ маблағ керак бўлса гаров кераклигини ва керакли ҳужжатларни тайёрлаб келиши билан кредит беришда амалий ёрдам кўрсатилишини қайд этди.

Форум доирасида айрим муаммолар жойида ҳал қилинган бўлса, айримларини тегишли ҳамкор ташкилотларга депутатлик сўровномалар юбориш орқали кўриб чиқиш ва назоратга олишга келишилди.

 

Маҳлиё РУСТАМОВА,

 ҚДУ Қорақалпоқ тили филологияси ва журналистика факультети 4-курс талабаси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги