Қорақалпоғистон Республикасининг умумий ер майдони 166,6 минг квадрат километрдан иборат бўлиб, у ҳудудининг катталиги жиҳатидан Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ўртасида биринчи ўринда туради. Республика аҳолиси 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 1 миллион 916 минг кишидан зиёд.

Республиканинг маъмурий-ҳудудий тузилмаси 16 та туман ва 1 та шаҳардан иборат. Булар Амударё, Беруний, Бўзатов, Қораўзак, Кегейли, Қўнғирот, Қанликўл, Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Тўрткўл, Хўжайли, Тахиатош, Чимбой, Шўманой, Элликқалъа туманлари ва Нукус шаҳридир.

Қорақалпоғистонда машҳурлиги бўйича 7 та масканнинг рўйхатини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

1. И.В. Савицкий номидаги давлат санъат музейи

Мутахассислар ва жаҳон матбуотининг фикрича, Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси Давлат санъат музейи коллекцияси Марказий Осиёдаги энг яхши бадиий коллекциялардан биридир. Бугунги кунда музей бутун дунёга танилган. Музей коллекциясида 90 мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд.

«Саҳродаги Лувр» номи билан машҳур музейда қадимий Хоразмнинг моддий ва бадиий маданияти, ўз қадимий тарихи ва ўзига хос маданияти бўлган қорақалпоқларнинг халқ амалий санъати намуналари тақдим этилган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг замонавий санъати ва ХХ асрнинг 20-30-йиллари рус тасвирий санъати музейининг энг ҳайратланарли экспонатларидир.

Музейга археолог, санъатшунос ва коллекционер Игорь Савицкий асос солган.

2. Орол денгизи

Бир вақтлари дунёдаги энг йирик кўлларнинг бири бўлган, бугунги кунда эса қуриб бораётган Орол денгизини кўриш учун ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан сайёҳлар келади.

Нукусга деярли 400 километр масофадаги ўлик денгизга сайёҳат икки кун вақтни талаб қилади. Бунинг учун махсус йўлтанламас транспортлар керак бўлади. Битта транспорт билан йўлга чиқиш жуда хатарли. Чунки, денгизга олиб борувчи бепоён Устюрт саҳроларида адашиб қолиш ҳеч гапмас, мабодо шундай вазиятга тушиб қолган тақдирда топиб олиш ҳам мушкул.

Ҳозирда денгиз соҳилига сайёҳлар учун махсус ўтовлар қурилган.

3. Мўйноқдаги “кемалар қабристони”

Орол фожиасининг асл башараси Мўйноқдаги занглаган кемалар орқали очилади. 2000 йиллар бошларигача денгизнинг қуриб қолган майдонларида 300 га яқин кемалар бўлган. Уларнинг кўпчилиги чиқинди темир-терсак сифатида утилизация қилиб юборилган. “Кемалар қабристони” деб номланган ушбу масканда ҳозирда 11 та кема кўргазмага қўйилган.

4. Миздахкон мажмуаси

Миздахкон милоддан аввалги IV аср – милодий ХIV асрларининг археологик-меъморий мажмуасидир.

Қадимий Миздахкон археологик мажмуаси катта майдонни – 200 гектарни эгаллаган бўлиб, йирик магистрал йўллар бўйида – Куня-Урганч (Туркманистон) ва Қорақалпоғистон Республикасининг шимолий ҳудудлари бўлмиш Қўнғирот ҳамда Мўйноқ ерлари ҳамда Устюрт платосида жойлашган.

Унинг асосий қисмлари Хўжайли шаҳрининг жанубий-ғарбий чеккаларидаги учта тепаликда жойлашган. Ўз ичига Гяур Қалъа, Шамун наби мақбарасини, Мазлумхон Сулу, Халфа Ережеп, Карвон саройларни олган. Қазилмалар натижасида тангалар, турли хил маиший анжомлар, шиша, тилладан қилинган санъат буюмлари топилган.

5. Аёз қалъа

Аёз қалъа милодий 2-4-асрларга оид учта қалъа харобасидан иборат археологик ёдгорликлар мажмуаси. Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманида жойлашган. Аёз қалъани Хоразм археология-этнография экспедицияси топиб (1937), унда археологик қазишмалар олиб борди.

Аёз қалъа мажмуасида, асосан Кушон подшолиги даврига доир сопол, меҳнат қуроллари, қурол-яроғлар, зеб-зийнатлар ва тангалар, жумладан, Канишка пуллари топилди. Аёз қалъа ўз даврида Хоразмнинг шимолий-шарқий чегарасида мустаҳкам истеҳком вазифасини ўтаган.

6. Борсакелмас шўрхоклиги

Борсакелмас шўрхоклиги 21 миллион йил аввал йўқ бўлиб кетган Тэтис уммонининг қолдиғидир. Ҳозирги пайтда узунлиги 90, эни 50 километргача келадиган ушбу туз конидан Қўнғирот тумани ҳудудида жойлашган «Қўнғирот сода заводи»га хомашё қазиб олинади.

Борсакелмас деб нима учун номланиши бўйича ривоятлар кўп. Уларда айтилишича, шўрхоклик ичида қадимий қалъа мавжуд. Ушбу қалъада кўп миқдорда олтин кўмилган. Бу олтинлар милоддан аввалги IV асрда Хоразмда ҳукмдорлик қилган Фарасманга тегишли бўлган. Неча асрлардан буён ушбу олтинларга эга бўлиш иштиёқида у ерга боришга отланган кўплаб одамлар изсиз ғойиб бўлиб, қайтиб келмаган. Шунинг учун «борсанг, қайтиб келмайсан» деган гап тарқаб, мазкур жойга шундай ном берилган.

Борсакелмес шўрхоклиги куз ойларида ажойиб тусга киради.

7. Судочье кўли

Фламинго қушлари билан машҳур бўлган Судочье кўли Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган. Умумий майдони 50 минг гектардан ошадиган ушбу кўллар тизимида  240 га яқин турдаги минглаб кўчманчи ва доимий яшовчи қушлар мавжуд.

Судочье кўли ўзининг жойлашиши бўйича Сибирь ва Тундрадан жанубга ва жанубий-шарқга, иссиқ мамлакатларга ва орқага учадиган трансконтинентал мигрант қушларнинг ғарбий-осиё миграцион йўлида жойлашган. Мазкур кўл бир неча кўллар тизимидан ташкил топган (кичик ва катта Судочье, Қаратерен, Бегдулла айдин, Омар салим, Қаражар, Ақушпа ва ҳ.). Бу кўллар тизими қушларнинг уя қўйиш, учиб ўтувчи қушларнинг дам олиш, учиш олдидан озиқланиш ўрни бўлиб хизмат қилади.

Судочье кўллар тизимида Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган 40 турдаги қушларнинг 30 тури, Табиатни муҳофаза қилиш Халқаро ташкилотининг «Йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги турларнинг Қизил рўйхати»га киритилган 24 турдаги қушнинг 18 тури яшайди.

Орнитолог олимлар Судочьеда фламинголарнинг кўп сонли уяларини топишди.