Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг Ўзбекистон Республикаси раислигидаги навбатдаги йиғилиши 6 ноябрь куни видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.

Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов олиб борди.

Тадбирда, шунингдек, Беларус, Молдова, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон Республикаси Бош вазирлари, Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси, Арманистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи ва Бош вазири, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари, ташқи ишлар вазири иштирок этди.

Мажлис қатнашчилари асосий эътиборни МДҲ доирасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалаларига, шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларга қаратдилар. Бунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги эркин савдо зонасининг тўлиқ ишлаши муҳимлиги таъкидланди.

Ҳамдўстликка аъзо давлатлар халқларининг фаровонлиги ва турмуш сифатини ошириш учун яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш асосида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳукумат раҳбарлари Ҳамдўстлик мамлакатлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар, 2030 йилгача бўлган даврда МДҲ иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичи (2021-2025 йиллар)ни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режасини муҳокама қилди.

МДҲ мамлакатлари савдо-иқтисодий ҳамкорлигининг базавий тамойиллари ва асосий йўналишларини белгилаб берадиган ушбу ҳужжат Ҳамдўстликка аъзо давлатлар иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш, юқори технологияли транспорт тизимларини яратиш, агросаноат мажмуасини мустаҳкамлаш, иқтисодиётни рақамлаштиришни жадаллаштириш, илмий-техникавий ва фан-таълим салоҳиятини юксалтириш ҳамда молиявий ва ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган.

Йиғилиш иштирокчилари ўз маърузаларида коронавирус пандемияси билан боғлиқ аҳволга алоҳида тўхталиб ўтишди. Хусусан, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, жумладан, ушбу касаллик оқибатида берилган қурбонлар миқдори ва нисбати бўйича нафақат МДҲда, балки дунёда ҳам энг ижобий кўрсаткичлардан бирини қайд этган Ўзбекистон эпидемияга қарши самарали курашиш, пандемиянинг мамлакат иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш борасида намуна бўлганини алоҳида таъкидлади.

Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида илк бор қатнашаётган Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат Бош вазири Садир Жапаров Россия, Қозоғистон, Озарбайжон қатори Ўзбекистон Президенти ва Ҳукумати ҳам пандемия даврида қардош қирғиз халқини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча бор инсонпарварлик ёрдами кўрсатганини эътироф этди ва самимий миннатдорлик билдирди.

Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин эса МДҲ ҳудудида иқтисодий ривожланишни таъминлаш, мамлакатларимиз иқтисодиётига пандемиянинг салбий таъсирини имкон даражасида камайтириш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини тиклаш масалаларига тўхталаркан, бу борада бир неча аниқ таклифлар билдирди. Шу билан бирга, айни йўналишда мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг юқори самарадорлигини қайд этди. Ўзбекистон раислигида Кенгаш доирасида аввалги йиғилишларда қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

Қозоғистон ҳукумати раҳбари ҳамкасблари диққатини озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳамда туризм, транспорт соҳаларидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга жалб этаркан, жумладан, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг «Буюк ипак йўли» трансчегаравий сайёҳлик маҳсулотини яратиш бўйича ҳамкорлигини мисол қилиб келтирди. Бу жараёнда Туркистон – Чимкент – Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Хива тезюрар темир йўл тармоғини ишга тушириш бўйича лойиҳа амалга оширилишини маълум қилди.

Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунлари бўйича транспорт, энергетика, қурилиш, таълим, маданият, туризм, жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини, шунингдек, ёшлар сиёсатини ривожлантиришга оид жами 23 ҳужжат имзоланди.

Атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш, инновациялар, маҳаллий можаролар иштирокчилари ва уларнинг оилалари ҳаётини яхшилашга оид дастурлар, минтақалараро ва трансчегаравий ҳамда қишлоқ хўжалиги муҳандислиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш концепциялари, транспорт хавфсизлиги ва МДҲга аъзо давлатларнинг гуманитар соҳадаги ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ҳаракатлар режалари, жамиятнинг рақамли ривожланиши ва радиоактив материалларни трансчегаравий ташиш соҳасидаги ўзаро муносабатларни тартибга солувчи шартномалар шулар жумласидан.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси 2021 йил 28 майда Беларус Республикаси раислигида Минск шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.