Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида учта объект – Аҳоли бандлигига кўмаклашиш ва Давлат хизматларини кўрсатиш марказлари ҳамда туман молия бўлими бинолари фойдаланишга топширилди.
Биноларнинг тантанали очилиш маросимида хизмат автомобиллари ҳам берилди.
2019 йилда қайта ташкил этилган Бўзатов туманида бир йилда кўплаб қурилиш объектлари қад ростлади. 300 та янги иш ўрни яратилган «BOZ-TEX» МЧЖ текстил корхонаси, 200 ўринлик залга эга “Ёшлар маркази”, 1000 киши сиғадиган Марказий футбол ўйингоҳи, 1000 ўринлик Маданият маркази, амфитеатр шулар жумласидандир.
Туман чорвачиликка ихтисослашган. Президентимизнинг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Бўзатов туманида амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар белгиланган. Айни пайтда туманда мазкур ҳужжат ижроси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бўзатовни “Қорақалпоғистоннинг Швейцарияси” деб ҳам аташади. Чунки, туман ҳудуди табиий ўрмонзор билан қопланган. Давлат раҳбарининг топшириғи билан туманда санатория қурилиши ҳам белгиланган.
photo_2020-11-02_13-02-56.jpg
photo_2020-11-02_13-02-57.jpg
photo_2020-11-02_13-02-58.jpg

 

Е.Қаноатов, ЎзА