Автомобиль саноатига Хитой стандартлари татбиқ этилади

«Ўзстандарт» агентлиги халқаро ҳамкорлик доирасида Хитой Автомобиль технологияси ва тадқиқот маркази (CATARC) дан электромобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмларига оид 51 та Хитой стандартларини олди.
Ушбу стандартлар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга хорижий давлат стандартларини ўрганиш, маҳсулотларни шу стандартларга мувофиқ ишлаб чиқариш, сифатини яхшилаш, рақобатбардошлигини ошириш ва уларни экспортга етказиб беришни кўпайтиришда хизмат қилади, дейилади «Ўзстандарт» агентлиги хабарида.
Шу билан бирга Хитой Автомобиль технологияси ва тадқиқот маркази экспертлари билан жорий йилнинг 27 октябрь куни «Электромобиллар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқишда Хитой давлати талаблари» мавзусида онлайн семинар ташкил этилади. Унда маҳаллий вазирлик ва идоралар вакиллари билан бирга халқаро экспертлар ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

 

ЎзА