Глобаллашув даврида ўзбек тилининг мавқеи

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида «Глобаллашув даврида ўзбек тилининг мавқеи» мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Бу ҳақда институт матбуот хизмати ЎзА мухбирига маълум қилди.Халқаро анжуманда республикамиздаги кўпгина олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари, таълим муассасалари олимлари, тадқиқотчилар билан биргаликда Туркия Республикаси Анқара университети, Истанбул университети, Қозоғистон Республикаси Л.Н.Гумилёв номидаги Евроосиё Миллий университети каби нуфузли олий таълим муассасаларидан профессор-ўқитувчилар ўз маърузалари билан иштирок этди.

«Zoom» платформаси орқали онлайн тарзда ташкил этилган анжуманда таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак даражага эга бўлиб, Ўзбекистон тараққиётининг бугунги юқори босқичи – миллий юксалиш талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. 2019 йил 5 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарори мана шундай эзгу ишларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Тил тараққиёти, унинг нуфузи ва қўлланилиш даражасини кенгайтириш ҳукуматимизнинг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг қабул қилиниши ва 21 октябрь кунини ҳар йили «Ўзбек тили байрами куни» сифатида нишонлаш ҳам тилимизга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборнинг натижаси ҳисобланади.

Анжуманда ўзбек тили атамашунослигининг шаклланиш ва тадқиқ қилиниш аспектлари, хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларида ўзбек тилини ўрганиш ва хорижий тил сифатида ўқитиш масалалари, давлат тилида иш юритишдаги муаммолар, ўзбек ва бошқа туркий тилларнинг ўзаро алоқадорлик масалаларига бағишланган маърузалар ўқилди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА