Ўзбек тили байрами нишонланди

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги қонун қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси масъуллари, тилшунос олимлар, ҳудуд фаоллари ва ёшлар иштирок этди.

photo_2020-10-21_19-15-20.jpg
Таъкидланганидек, ҳар бир халқнинг ўзлигини намоён қилишида, жамиятнинг ривожланишида тил ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлиб, тил халқнинг тарихини, маънавий қадриятларини, маданий меросини, урф-одат ва дастурларини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинаси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам жорий йилда ушбу байрамнинг “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида ўтказилиши бежиз эмас. Сабаби давлат тили бу юртимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида муҳим ўрин эгаллаб келаётган бебаҳо меросдир.Бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир. Бугун юртимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичига кўтарилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

photo_2020-10-21_19-15-30.jpg
Шу боис сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида юртимизда давлат тилини ривожлантиришга, уни янада бойитиш ва соф ҳолида келажак авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада энциклопедия ва луғатларни, дарсликлар билан ўқув қўлланмаларини нашрдан чиқариш каби бир қатор эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги давр талабидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича ҳам кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.Айниқса, ўтган йилнинг 21-октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонининг қабул қилингани, мазкур фармонга мувофиқ, 21 октябрь – «Ўзбек тили байрами куни» деб эълон қилингани, “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қабул қилингани, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилгани, шунингдек, янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича “Атамалар комиссияси”нинг ташкил этилгани юртимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлашда, халқимизни, айниқса, ёшларимизни миллий қадриятларга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

photo_2020-10-21_19-15-37.jpg
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги байрам олдидан Президентимиз томонидан “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг қабул қилиниши юртимизда ўзбек тилининг обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, юртимиздаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларини ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилашда муҳим ўрин эгаллайди.Тадбирда бир гуруҳ фаолларга “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони, ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига эсдалик совғалари топширилди.

photo_2020-10-21_19-15-41.jpg
– Байрам муносабати билан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табригини ҳудудда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакиллари катта хурсандчилик билан кутиб олди, – дейди “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони соҳиби, шоир Шарапатдин Аяпов.
– Табрикда таъкидланганидек, бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни, учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек эзгу мақсадларимизга эришишда, ҳеч шубҳасиз, она тилимизнинг ҳаётбахш қудратига таянамиз.
photo_2020-10-21_19-15-48.jpg
Тадбир доирасида санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида ўтказилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА